Россияда шахсий карталар орқали хайрия йиғимларини тақиқлаш таклиф қилинмоқда

20.05.2025 14:38 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия Давлат Думасида шахсий банк карталарига хайрия йиғимлари ўрнига махсус хайрия ҳисоб рақамларини жорий этиш таклифи муҳокама қилинмоқда. Бу орқали маблағларнинг мақсадли ишлатилишини назорат қилиш кўзда тутилмоқда.

Bank karta

Россия Давлат Думасининг фуқаролик жамиятини ривожлантириш қўмитаси раисининг ўринбосари Олга Занко шахсий банк карталари орқали хайрия йиғимларини тақиқлаш ва бунга алоҳида хайрия ҳисоб рақамларини жорий этиш таклиф этилаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу таклиф Петербург халқаро юридик форуми доирасида илгари сурилган.

Ҳозирда хайрия йиғимлари Россия Федерациясининг Фуқаролик кодекси ва «Хайрия фаолияти тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади. Бироқ, жамғарилган маблағларнинг қандай сарфланаётгани бўйича мажбурий ҳисобот тақдим этиш тартиби йўқ. Шу боис, ушбу маблағлар ҳақиқатан ҳам ёрдамга сарфланяптими ёки фирибгарларнинг қўлига тушяптими — бу тушунарсиз.

Шу муносабат билан, махсус хайрия ҳисоб рақамлари билан бирга «Госуслуги» платформаси орқали соддалаштирилган рўйхатдан ўтишни кўзда тутувчи очиқ реестр, шунингдек, рақамли ҳисобот тизимини жорий этиш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Занко таъкидлаганидек, ушбу чекловлар доимий ёки маълум суммадан ортиқ хайрия йиғимлари билан шуғулланадиган шахсларга нисбатан татбиқ этилиши мумкин. Бундай ҳолларда шахс ё нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтиши, ёки мавжуд хайрия фондлари орқали фаолият юритиши талаб этилади.

Мазкур чора-тадбирлар кенг жамоатчиликка қаратилган хайрия йиғимларига тааллуқли бўлиб, масалан, ўқитувчига совға йиғиш каби хусусий ташаббусларга тааллуқли эмас. Шу билан бирга, шахсий эҳтиёжлар, фавқулодда ҳолатларда ёрдам ва махсус ҳарбий операция иштирокчиларига кўмак каби ҳолатлар учун истиснолар сақланиб қолиши мумкин.

Қўмита раиси Яна Лантратова ҳам ташаббусни қўллаб-қувватлади. Унинг таъкидлашича, кўплаб одамлар ёрдам беришга тайёр, аммо фирибгарликдан қўрқади. Шунингдек, катта маблағ айланмалари сабабли солиқ ва банк блокировкаси муаммолари ҳам юзага келмоқда. У давлат платформасини яратиш ғоясини ҳам илгари сурди.