Маҳаллаларда мулкий ҳуқуқлар рўйхатга олиниши жадаллашмоқда

20.05.2025 14:48 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда ҳар бир хонадон ва хўжалик объекти ҳисобга олинишига қаратилган кенг қамровли кадастр ислоҳоти босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу фуқаролар мулкий ҳуқуқларининг қонуний кафолатини таъминлашда муҳим қадам бўлмоқда.

Kadastr

АОКАда Кадастр агентлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-937-сонли Қонуни ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида жамоатчиликка атрофлича маълумот берилди.

Анжуманда таъкидланишича, ушбу Қонун асосида ҳокимликлар билан ҳамкорликда маҳаллалар кесимида хўжалик юритувчи субъектларни хўжалик объектлари сифатида ҳисобга олиш бўйича кенг қамровли хатлов ишлари режалаштирилган. Бу жараёнга республика бўйича 4500 нафар кадастр ходими жалб қилинган.

Шу кунгача 1124 та маҳалланинг аниқ чегаралари белгилаб олинди. Якуний мақсад — 2026 йилга қадар 9452 та маҳалланинг чегараларини тўлиқ аниқлаш ва расмийлаштиришдан иборат. Бу жараён, аввалги хатловларда кузатилган камчиликларни такрорламаслик учун, икки босқичда — дала ва камерал усулда амалга оширилмоқда.

Хатлов жараёнлари нафақат ҳужжатсиз қурилган объектларни, балки ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилган, аммо физик ёки функционал жиҳатдан ўзгарган объектларни ҳам қамраб олмоқда. Яъни ҳар бир хонадон, ҳар бир ер майдони тўлиқ ўрганилиб, ягона тартибга солинмоқда. Бу эса фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, қонунийликни таъминлаш ва кадастр соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, шу пайтгача мамлакат бўйлаб жами 300 минг 737 та хўжалик объекти хатловдан ўтказилган. Уларнинг ҳуқуқий мақомини ҳал этиш учун 121 минг 416 таси ваколатли ташкилотларга юборилган.

Хусусан:

  • 91 537 та объект ҳозирда ваколатли идораларда муҳокама қилиняпти,
  • 13 749 таси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган,
  • 9 842 та объект бўйича Адлия органларидан хулоса олиш жараёни кетмоқда,
  • 235 та объект халқ депутатлари кенгашларида кўриб чиқилаётган бўлса,
  • 389 та объектга нисбатан халқ депутатлари кенгашлари томонидан ҳуқуқий эътироф қарорлари қабул қилинган.

Ушбу тизимли ёндашув нафақат ер ва мулк ҳуқуқларини расмийлаштиришда муҳим, балки маҳаллаларнинг меъморий-ҳудудий ривожланиши, солиқ базасини тўғри шакллантириш ва давлат ресурсларидан самарали фойдаланиш нуқтаи назаридан ҳам долзарб аҳамият касб этади.