Европа Иттифоқи 2025 йил учун иқтисодий ўсиш прогнозини пасайтирди

20.05.2025 15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқи Комиссияси ўзининг 2025–2026 йилларга оид кузги иқтисодий тахминларида Европа иқтисодиёти ўсиши секинлашиши, инфляция пасайиши ва савдо сиёсатидаги беқарорликлар таҳдид солишини маълум қилди.

Yevropa ittifoqi

Брюсселда эълон қилинган «2025 йил кузги иқтисодий тахминлар» ҳисоботига кўра, Европа Иттифоқи иқтисодиёти 2025 йилда 1,1 фоизга, 2026 йилда эса 1,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Еврозона учун бу кўрсаткичлар мос равишда 0,9 ва 1,4 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткичлар аввалги ҳисоботда эълон қилинган прогнозлардан анча паст.

Хусусан, аввалги тахминларда 2025 йилда ЕИ 1,5 фоиз, Еврозона эса 1,3 фоиз ўсиши кутилган эди. Ушбу пасайишга асосий сабаб сифатида АҚШнинг протекционист савдо сиёсати, жумладан, 2 апрелда жорий этилган тарифлар кўрсатилмоқда. Бу ўзгаришлар глобал бозорларга босим ўтказмоқда.

2025 йилда Австрия иқтисодиёти 0,3 фоизга қисқариши, Германияда иқтисодий ўсиш кузатилмаслиги, Франция ва Италияда мос равишда 0,6 ва 0,7 фоизга ўсиш, Испанияда эса 2,6 фоизлик ўсиш кутилмоқда. 2026 йилда эса Германияда 1,1 фоиз, Францияда 1,3 фоиз, Италияда 0,9 фоиз, Испанияда 2 фоизлик ўсиш прогноз қилинмоқда.

Инфляция бўйича тахминлар ҳам пасайган: 2025 йилда ЕИда 2,3 фоиз, Еврозонада 2,1 фоиз, 2026 йилда эса мос равишда 1,9 ва 1,7 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.

Ҳисоботда Туркия иқтисодиёти ҳақида ҳам маълумот берилган. Қатъий пул-кредит ва фискал сиёсат туфайли инфляция пасайиши, бюджет дефицити қисқариши ва иқтисодий ўсиш мос равишда 2,8 ва 3,5 фоизни ташкил этиши айтилган.

ЕИ иқтисодий масалалар бўйича комиссари Валдис Домбровскис брифингда таъкидлашича, Европа иқтисодиёти юксак ноаниқлик шароитида ҳам барқарорлигини сақлаб қолмоқда. У, шунингдек, инфляция кутилганидан тезроқ пасаётганини, аммо хавфлар ҳали ҳам сақланиб қолаётганини эслатди.