Одам савдосига қарши жазо янада кучайтирилди

20.05.2025 15:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда Жиноят кодексига киритилган янгиликларга кўра, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жазо чоралари кескин оширилди.

Odam savdosi

2025 йил 19 май куни қабул қилинган қонунга мувофиқ, Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритилиб, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиб, жабрланувчининг шахсий ҳужжатларини яшириш, йўқ қилиш ёки олиб қўйиш билан боғлиқ ҳолларда озодликдан маҳрум қилиш муддати 5 йилдан 10 йилгача этиб белгиланди. Илгари бу каби жиноятлар учун 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси тайинланган эди.

Шунингдек, агар одам савдоси оқибатида жабрланувчи ҳалок бўлса ёки бошқа оғир оқибатлар юзага келса, айбдор 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилади. Илгари бу ҳолатларда 8 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси белгиланган эди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб амалга кирди. Мазкур чоралар одам савдосининг олдини олиш ва жиноятчиларга нисбатан кескин муносабатни кучайтиришга қаратилган.