Карибдаги кичик орол Интернет домени ортидан миллионлаб доллар ишлаяпти

10:30 | 9 дақиқада ўқилади.

Кариб денгизидаги аҳолиси 16 минг киши бўлган Ангилля ороли .ai доменидан ўз бюджетига катта пул туширмоқда. Гап сунъий интеллектга қизиқиш ортаётганида.

Anguilla

1980-йилларда Интернет эндигина шаклланаётган пайтда ҳар бир мамлакатга уни виртуал майдонда ажратиб турадиган шахсий домен номи берилган эди. АҚШга .us, Буюк Британияга .uk домени тўғри келган бўлса, Кариб денгизи ҳудудида жойлашган кичик Ангилля оролига .ai домени насиб этган. Ўша вақтда бу домен ҳеч қандай алоҳида маънога эга эмасди.

Бироқ ҳозирги кунда сунъий интеллект (AI — artificial intelligence) соҳасининг жадал ривожланиши туфайли .ai домени Ангилля учун ҳақиқий омад эшигини очди. Кўплаб компания ва фуқаролар айнан шу доменни олиш учун Ангиля ҳукуматига пул тўламоқда.

Ушбу доменни сотиб олганлардан бири америкалик тадбиркор Дҳармеш Шоҳ бўлиб, у бу йил you.ai («сен.си» деган маънони англатадиган) манзили учун 700 минг доллар тўлаган.

ВВС нашрига берган интервюсида Шоҳ ушбу доменни сотиб олганига сабаб сифатида «инсонлар ўзларининг рақамли нусхасини яратиш имконини берадиган СИ маҳсулотини ишлаб чиқиш ғояси»ни келтирган. Унинг таъкидлашича, сайтда яратилган бундай рақамли клон инсон ўрнига маълум вазифаларни бажариши мумкин бўлади.

Домен номларини кузатиб борувчи сервис маълумотларига кўра, сўнгги беш йилда .ai доменидаги веб-сайтлар сони ўн баравар ошган, фақат ўтган йилнинг ўзида эса икки баробар кўпайган.

Эндиликда аҳолиси бор-йўғи 16 минг кишидан иборат бу кичик ҳудуд ўзига насиб қилган бундай омаддан қандай қилиб барқарор даромад манбаи сифатида унумли фойдаланишни ўйлаяпти.

Кариб денгизи оролларининг кўпчилигида бўлгани сингари Ангилля иқтисодиётидаги асосий даромад манбаи туризм ҳисобланади. Сўнгги вақтларда оролга асосан АҚШдан келадиган бой сайёҳлар оқими ортган.

Маҳаллий статистика идораси маълумотига кўра, ўтган йили оролга 111,6 минг турист ташриф буюрган — бу тарихий рекорд ҳисобланади.

Бироқ ҳар йили куз фаслида Ангилля довул ва бўронлардан жабр кўради, бу эса туризм ривожига жиддий тўсиқ бўлиб турибди.

Мана шундай вазиятда веб-доменлар савдоси орол иқтисодиётини диверсификация қилишда муҳим рол ўйнамоқда. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармасининг сўнгги ҳисоботида ҳам таъкидланган.

2025 йил бюджети лойиҳасида Ангилля ҳукумати 2024 йилда домен савдосидан 105,5 млн шарқий Кариб доллари (тахминан 39 млн АҚШ доллари) даромад топганини қайд этган. Бу маблағ ўтган йилда бюджет тушумларининг қарийб тўртдан бир қисмини ташкил этган. ХВЖ маълумотларига кўра, туризм эса 37 фоиз улушни ташкил этган.

Ҳукуматнинг кутувича, 2025 йилда домен савдоси орқали даромад 132 млн шарқий Кариб долларига, 2026 йилда эса 138 млн долларга етиши мумкин.

Агар 2020 йилда .ai доменидаги веб-сайтлар сони 50 мингдан кам бўлган бўлса, бугунги кунга келиб улар сони 850 мингдан ошиб кетган.

Ангилля Британиянинг денгиз орти ҳудуди ҳисобланади. Бироқ у юқори даражадаги автономияга эга. Буюк Британия орол хавфсизлигини кафолатлайди ҳамда инқироз ва табиий офатлар пайтида молиявий ёрдам беради.

 

Домен қанчалик қиммат?

.ai доменларининг аниқ нархи очиқ эмас, лекин айрим манбаларда ёзилишича, уларнинг бошланғич нархи 150–200 доллардан бошланади. Ҳар икки йилда доменни узайтириш учун ҳам худди шу миқдорда тўлов қилинади.

Шу билан бирга, энг оммабоп номлар аукцион орқали сотилади ва уларнинг баъзилари юз минглаб долларга баҳоланмоқда. Бироқ доменни узайтириш нархи шунга қарамай нисбатан арзон бўлиб қолмоқда.

Умумий фойданинг катта қисми Ангилля ҳукуматига тўғри келади. Аммо айрим маълумотларга кўра, АҚШдаги доменни бошқариш билан шуғулланадиган Identity Digital компанияси 10 фоиз улушга эга.

Айни пайтда .ai доменидаги энг қиммат сотилган веб-манзил — бу Дҳармеш Шоҳ харид қилган you.ai ҳисобланади. Аммо сўнгги ҳафталарда ўтказилган аукционлар орол ҳукуматига яна юз минглаб доллар даромад келтирди: июл ойида cloud.ai манзили учун 600 минг доллар, law.ai манзили учун эса 350 минг доллар тўланган.

Ангилля домен сотувидан даромад қилаётган ягона мамлакат эмас.

1998 йили Тувалу ороли ўзига тегишли .tv доменини америкалик VeriSign компаниясига лицензия қилиб берган. У вақтда лицензия йилига 2 млн доллар бўлган бўлса, кейин бу миқдор 5 млн долларгача ошган.

Бироқ Тувалудан фарқли ўлароқ, Ангилля ҳукумати домен савдосидан тушадиган фойданинг катта қисмини ўзи назорат қилади ва олади.

Эндиликда бу барқарор даромад манбаси оролга янги аэропорт қуриш, инфратузилмани яхшилаш ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш каби лойиҳаларга сармоя жалб этишга ёрдам бериши кутилмоқда.