Россия ҳукуматининг маълум қилишича, 2025/2026 ўқув йилида мамлакат мактабларида 17,7 миллион ўқувчи таълимни бошлайди. Уларнинг 1,5 миллионга яқини — илк марта мактаб остонасини ҳатлаб ўтадиган болалар. Бу кўрсаткич 2024 йилдаги 1,8 миллион ва 2023 йилдаги 2 миллионга яқин рақамлар билан солиштирилганда, икки йилда 25 фоизлик кескин пасайишни англатади.
Масалан, 1997/1998 ўқув йилида Россияда мактабларга 22 млнта ўқувчи қатнаган. 2000 йилда Россияда 69 мингта мактаб фаолият кўрсатган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 40 мингтага тушиб қолган.
Муттахассислар бундай қисқаришни Россиядаги чуқур демографик инқироз билан боғлашмоқда. Росстат маълумотларига кўра, 2025 йил май ойига келиб, мамлакатда умумий туғилиш коэффициенти ҳар бир аёлга 1,376 болани ташкил этган. Бу кўрсаткич 2006 йилдан бери кузатилган энг паст даража ҳисобланади.
Совет иттифоқи парчаланган даврларда — 1991 йилда туғилиш коэффициенти 1,73 ни ташкил қилган бўлса, 1999 йилда 1,16 гача тушган. Кейинги йилларда маълум даражада кўтарилган бу кўрсаткич 2015 йилда 1,76 ни ташкил этди. Бироқ Қрим аннексиясидан сўнг, туғилиш яна пасайиб борди ва 2021 йилга келиб 1,47 гача тушди.
2024 йилда Россияда 1,222 миллион чақалоқ дунёга келган бўлиб, бу 1999 йилдан буён қайд этилган энг паст кўрсаткичдир. 2025 йилнинг биринчи чорагида эса бу рақам яна 4 фоизга камайган — атиги 288,8 минг бола туғилган. Демограф Алексей Ракшанинг таъкидлашича, бу антирекорд XVIII–XIX асрлардан буёнги энг ёмон натижалардан бири ҳисобланади.
Мутахассислар таълим соҳаси бу демографик ўзгаришлардан аллақачон таъсирлана бошлаганини қайд этмоқда. Яқин келажакда синфлардаги болалар сони, ўқитувчиларга бўлган талаб ва бутун таълим тизимидаги юкламалар сезиларли даражада ўзгариши мумкин.