Россия иқтисодиёти кутилаётгандан ҳам тезроқ секинлашмоқда ва бу ҳолат федерал бюджетга жиддий зарба бермоқда. Бу ҳақда «Интерфакс» агентлигига ҳукумат лойиҳалари билан таниш манба маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, иқтисодий ўсиш 2025 йилда бор-йўғи 1,2 фоизни ташкил этиши мумкин — бу аввалги 2,5 фоизлик прогнозига нисбатан икки баравар кам.
Бу натижа нафақат молия вазири Антон Силуанов томонидан Президент Путин билан учрашувда айтилган 1,5 фоиздан ҳам паст, балки ўтган йилги 4,3 фоиз ўсишга нисбатан 3,5 мартага пасайган. «Иқтисодиёт сўниб бормоқда. Шу билан бирга ресурслар базаси ҳам қисқармоқда», — деди манба.
Бюджет танқислиги ҳам ошиши кутилмоқда. Илк ҳисоб-китобларда 2025 йилда бюджетда ЯИМнинг 0,5 фоизи миқдорида «туйнук» бўлиши режалаштирилган эди. Бироқ нефт-газ даромадларининг икки хонали рақамларда пасайиши туфайли июн ойида бу кўрсаткич 3,5 баробарга оширилди. Ҳозирги прогрессия билан дефицит 1,7 фоиздан ҳам ошиши мумкин.
РФ Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2025 йил июли охирида федерал бюджетдаги умумий тақчиллик 4,879 трлн рублга етди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 1,098 трлн рублдан 4,4 баробар (340 фоиз)га кўп.
Даромадлар йиллик ҳисобда 3 фоизга ошган бўлса, харажатлар 21 фоизга, 25,2 трлн рублгача кўтарилган. Ҳукумат сарфлаган ҳар бешинчи рубл ҳали молиялаштирилмаган. Нефт-газдан келаётган даромад эса энг оғриқли нуқтага айланган: майда 35 фоиз, июнда 34 фоиз, июлда 28 фоиз, 7 ойлик ҳисобда 19 фоиз пасайиш кузатилган.
Иқтисодий фаоллик ўсиши ҳам сўниб боряпти: июл ойида йиллик ўсиш атиги 0,4 фоизни ташкил этди. Ваҳоланки, 1-чоракда 1,2 фоиз, 2-чоракда 1,1 фоиз ўсиш қайд этилган эди. Аммо чоракдан-чоракка ЯИМ икки чорак кетма-кет пасайди —январ–март ва апрел–июн ойларида 0,6 фоиз. ВЭБнинг бош иқтисодчиси Андрей Клепач бу ҳолатни «техник рецессия» деб атади.