Ўзбекистон – Хитой сунъий интеллект маркази ташкил этилади

10:45 | 4 дақиқада ўқилади.

Пекиндаги музокараларда икки давлат етакчилари инновация, таълим ва иқтисодий шерикликни кенгайтириш йўлларини муҳокама қилдилар.

Xitoy bilan muzokara

2 сентябр куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Жинпинг расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди. Учрашувда барча шароитларда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ташаббусларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбарлари сиёсий мулоқот ва ўзаро ишончнинг кучайганини таъкидлаб, савдо айланмаси 2024 йилда 14 миллиард доллардан ошиб, жорий йил бошидан 23 фоизга ўсганини қайд этдилар. Яқин йилларда бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, қиймати 60 миллиард доллардан ортиқ инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилган.

Мирзиёев инновацион ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон – Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, мамлакат ҳудудларида «Лу Бан устахоналари» ташкил этилиб, энергетика, машинасозлик, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳалари учун мутахассислар тайёрланиши режалаштирилган.

Темир йўл инфратузилмасида «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» стратегик темир йўлининг амалий босқичи бошлангани мамнуният билан қайд этилди. Шу билан бирга, фан ва таълим соҳаларида қатор янги қадамлар белгиланди: Сиан нефт университети филиали учун битим имзоланди, Пекин технология институти филиалини очиш режаси муҳокама қилинди.

Туризм ва маданий алоқалар ҳам ривожланмоқда. Визасиз режим жорий этилди, авиақатновлар кўпайтирилмоқда. Ўзбекистон Хитой Миллий музейида катта кўргазмада иштирок этмоқда, 2027 йилда эса Шанхай ва Пекинда санъат кўргазмалари ўтказилиши режалаштирилган.

Музокаралар якунида халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилиб, БМТ, ШҲТ ва «Марказий Осиё – Хитой» форматидаги ҳамкорликни давом эттириш аҳамияти қайд этилди. Президент Мирзиёев Си Жинпингни Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди.