Ўзбекистонда автотранспорт воситаларини Пискент синов мажмуасида текшириш амалиёти 2025 йил 2 сентябрдан тўхтатилади. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги маълум қилди.
Мазкур амалиёт 2024 йил 1 ноябрдан жорий қилинган бўлиб, мақсад истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ва сифати кафолатланмаган машиналарнинг мамлакатга олиб кирилишини чеклаш эди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, техник регламентга мувофиқ турини маъқулламаган енгил автомобиллар импорти уларни алоҳида синовдан ўтказиш заруратини юзага келтирган.
Ўтган йилгача мамлакатда фақат учта дилерлик маркази мавжуд бўлиб, улар атига 15 та автомобил модели учун турини маъқуллаш ҳужжатини олган эди. Ҳозир эса 21 та хорижий компаниянинг расмий дилерлари фаолият бошлаб, 100 дан ортиқ автомобил русумлари учун турини маъқуллаш ҳужжатлари расмийлаштирилди.
Натижада, аҳолига сифати ва хавфсизлиги кафолатланган автомобилларни етказиб бериш тизими шаклланди. Истеъмолчилар турли русумдаги автомобилларни расмий дилерлар орқали сотиб олиш имкониятига эга бўлди.
Шу муносабат билан Пискент автополигонидаги синов амалиётига эҳтиёж қолмади. Автомобиллар сифати ва хавфсизлиги доимий назорат қилинади, талабларга зид ҳолатлар ёки истеъмолчилардан шикоятлар келиб тушганда эса тегишли чоралар кўрилади.
Агентлик фуқароларга автомобил харидини фақат расмий дилерлар орқали амалга оширишни тавсия этмоқда.