2025 йил 14 майда Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини тасдиқлаш тўғрисида»ги PQ-181-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, жами 13 138 та товар кодидан иборат Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (TIF TN) тасдиқланди.
Амалдаги 12 813 та код Жаҳон савдо ташкилотининг фуқаро авиацияси ва ахборот технологиялари бўйича битимларига мувофиқлаштирилди. Қўшимча равишда 289 та янги код жорий этилди ҳамда 1122 та товар подгруппаларида ўзгартишлар амалга оширилди.
Шунингдек, маҳсулотларнинг мавсумий хусусиятини инобатга олган ҳолда 07 ва 08-группалар (мевалар ва сабзавотлар) учун 34 та янги код жорий қилинди ва 72 та мавжуд код қайта кўриб чиқилди.
Янги тизим импорт божхона божи ставкаларини белгилашдаги амалиёт муаммоларини ҳал этишга қаратилган. Хусусан, витамин ва минерал қўшимчалар ҳамда автотранспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари учун ставкалардаги номутаносиблик бартараф этилди. Бунинг учун 21 ва 87-группалардаги 351 та кодга ўзгартиш киритилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, эндиликда ушбу номенклатура ҳамда импорт божхона божи ставкалари илк бор давлат тилида расман эълон қилинмоқда. 2027 йилдан бошлаб эса улар бож тарифи билан биргаликда юритилади.
Қарор билан мутасадди вазирлик ва идораларга уч ой муддатда автотранспорт воситалари эҳтиёт қисмларининг янги ёки фойдаланилганлигини аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, Транспорт вазирлигига фуқаро авиациясида фойдаланиладиган товарларни аниқлаш ваколати берилди.