Korzinka ва Coca-Cola номидан фишинг схема аниқланди

12:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Рақобат қўмитаси Korzinka ва Coca-Cola брендидан фойдаланилган сохта акциялар орқали фуқаролар алданаётганини маълум қилди.

Korxzinka

Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда Korzinka тармоғи 29 йиллиги муносабати билан «27 минг сўмга совутгич сотиб олиш мумкин» деган хабарлар тарқатилган. Шунингдек, «Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan Ltd.» номи билан «мини-совутгич ва 24 шиша ичимлик ютиб олиш имконияти» ҳақида постлар эълон қилинган.

Фуқаролардан махсус ҳавола орқали ўтиш ёки анкета тўлдириш талаб қилинган. Қўмита текшируви натижасида Korzinka ҳамда Coca-Cola расмий сайтларида бундай акциялар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлиги аниқланди.

Назорат органи ушбу хабарлар фишинг схемаси эканини қайд этди. Унга кўра, фирибгарлар машҳур брендлар номи орқали шахсий ёки молиявий маълумотларни қўлга киритишга уринишган.

Қўмита фуқароларни бегона ҳаволаларга кирмасликка, шахсий маълумотларни бегона шахсларга бермасликка ҳамда барча расмий акциялар ҳақидаги маълумотларни фақат ишончли манбалардан текширишга чақирди.