CNN хабарига кўра, Болгария расмийлари Европага бу ҳолатда Россия қўли борлигини билдирган. Кремл эса айбловларни рад этди. Фон дер Ляйен бўлган самолёт хавфсиз қўнган, учувчилар анъанавий хариталардан фойдалангани қайд этилди.
Еврокомиссия раҳбари Украинага ёрдам масаласида қатъий позицияси билан танилган. У яқинда АҚШ президенти Доналд Трамп мезбонлик қилган саммитда қатнашиб, Европа давлатларини Киевга кўпроқ ёрдам кўрсатишга чақирган.
Фон дер Ляйеннинг сафар дастури Шарқий Европа мамлакатларини ўз ичига олди. Полшада бош вазир Доналд Туск билан учрашиб, Кринки шаҳридаги чегара назорат пунктига борди. У ерда Европа Иттифоқининг 150 миллиард евро маблағ ажратилган янги SAFE мудофаа жамғармасидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинган.
Европа раҳбари ўз баёнотида Владимир Путинни «фақат куч билан тўхтатиш мумкин бўлган йиртқич» деб атади. Шундан сўнг у аъзо давлатларни тезкор ва мувофиқлашган ҳаракатларга чақирди.
Фон дер Ляйен кейинчалик Литвага учиб, президент Гитанас Науседа билан Беларусь чегарасидаги вазиятни кузатди. Европа расмийлари Россиянинг Болтиқ ва Скандинавия минтақасида GPS сигналларига мунтазам аралашиб келаётганини таъкидлаб келишади. Полша ва Германия тадқиқотчилари ҳам 2024 йилдан бери бу соҳада Россиянинг излари борлигини қайд этган.
Европа Иттифоқи аввал ҳам Россия билан боғлиқ шахс ва ташкилотларни GPS бузилиши сабабли санкциялар билан жазолаган. Брюссел бу ҳолатни Украинага ёрдамни кучайтириш ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш мажбурияти сифатида баҳолади.