Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда «Тошкент–Наманган» йўналишида ҳаракатланаётган «Lacetti» автомашинаси тўхтатилди.
Текширувда йўловчи С.Б.дан ҳар бири 100 долларлик қалбаки купюраларда жами 30 минг АҚШ доллари топилди. Тергов маълумотларига кўра, у ушбу пулларни Наманган шаҳрида айланмага киритиш мақсадида олиб келаётгани аниқланган.
Аниқланган пуллар расмий тартибда ашёвий далил сифатида олинди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25 ва 176-моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ, Наманганда шаҳар ҳокими тадбиркордан кўп қаватли уй қуриш учун ер ажратиш эвазига 60 минг доллар пора талаб қилгани фош этилган эди.