Янги ўқув йили: 1-синфга қабул, мактабларда ўқувчи ўрнининг етишмовчилиги — таҳлил

13:30 | 6 дақиқада ўқилади.

Бугундан мактабларда янги ўқув йили бошланди. Бу йил нечта янги мактаб қуриб битказилгани, қанча янги ўқувчи ўринлари яратилгани ҳамда нечта бола 1-синфга қабул қилингани ҳақидаги саволлар билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига юзландик.

Maktab 1 sinf

Вазирлик матбуот котиби Дилфуза Собированинг Vaqt.uzʼ га маълум қилишича, 2025 йилнинг ўзида жами 440 та мактабда ва 226 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Натижада мактабларга қўшимча 115 дан ортиқ янги ўринлар яратилди, мавжуд 100 мингдан ортиқ ўринлар замонавий қиёфага келтирилди.

Жорий йилда 720 минг нафардан ортиқ ўқувчилар 1-синфга қадам қўйди ва уларга 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат «Президент совғаси» тантанали тарзда топширилди.

Шунингдек, айни дамда республика бўйлаб жами 10 минг 193 та мактаб мавжуд бўлиб, унда 6 млн 754 минг 813 нафар бола таълим-тарбия олади.

Вазирликка кўра, янги ўқув йилидан қуйидаги янгиликлар амалга оширилиши режалаштирилган:

Барча таълим ташкилотларида ҳафтанинг ҳар душанба куни «Келажак соати» дарслари ташкил этилиб, зарур қўлланмалар milliytarbiya.uz платформаси орқали етказилади;

Янги ўқув йилидан «боғча–мактаб–олий таълим» тизимида ягона ғоявий тарбия тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, Президентнинг тегишли Фармонига мувофиқ, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:

  • умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизга;
  • умумий ўрта таълим ташкилотлари директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга оширилади;

Таълим соҳасида ҳали ҳал қилмнмаган муаммолар ҳам етарли. Сўнгги марта Ўзбекистон мактабларининг инфратузилма муаммолари 2022/2023 ўқув йили якунлари бўйича таҳлил қилинган эди. Унга кўра, 2022-2023 ўқув йилида 10 минг 522та мактабда (194 таси хусусий) ўқувчилар сони 6 млн 461 минг 741 нафарни ташкил этган (уларнинг 0,71 фоизи хусусий мактабларда). Мактаблар эса 5 млн 283 минг 916 нафар ўқувчи учун мўлжалланган, яъни 1 та ўқувчи ўрнига 1,2 нафар ўқувчи тўғри келмоқда.

  • 5 та мактаб уч сменада, 4777 та мактаб икки сменада ишлайди;
  • 70 фоиз мактабларда канализация йўқ;
  • 38,5 фоиз мактабда ошхона ёки буфет йўқ;
  • 5 фоиз мактабда кутубхона, 21 фоиз мактабда спорт зали йўқ;
  • 1658 та мактаб капитал таъмирга муҳтож;
  • Бир ўқувчига 0,03 компютер тўғри келади. Компютерларнинг 29,4 фоизи интернетга уланмаган;
  • Тошкент шаҳри ва вилоятида ўқитувчилар етишмайди, айни шу ҳудудларда ўқитувчилар юкламаси юқори.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, аввал эълон қилинган ва очиқ рақамлардан келиб чиқилса, ҳисоблар ўқувчи ўрни етишмовчилиги 1,2 млндан камида 1,7 млнга ошган.

Бакировнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда ҳам болалар бошқа илғор мамлакатлардаги каби 5-6 ёшдан қабул қилиниши керак. Чунки бу фактор қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда аҳамиятли: болалар тез вояга етиб, акселерация жараёни Ўзбекистонлик болаларга ҳам кучли таъсир қилмоқда. 5-6 ёшда, ҳатто йилнинг январида туғилган болалар иқтидори, жисмоний имкониятларига қарамай йиллар, ойлар йўқотмоқда. Бунинг иқтисодий, ижтимоий қиймати йўқотишларда триллионлар билан ўлчаниши мумкин.

Давлат датурига кўра, 2030 йилгача ҳар йили 500 минг ўқувчи ўрни яратилиши режалаштирилган, аммо бу болаларнинг мактабга чиқиш ёшини қисқартирадими йўқми-маълум эмас.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.