Жаҳон банки Ўзбекистонга 35 млн доллар имтиёзли кредит ажратади

20.05.2025 18:02 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил 19 май куни Жаҳон банкининг Ижроия директорлар кенгаши Ўзбекистон учун геофазовий маълумотлардан фойдаланишни яхшилаш лойиҳасини молиялаштириш мақсадида 35 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Ҳукумат томонидан ҳам лойиҳани молиялаштириш учун 5,7 млн доллар маблағ ажратилади.

Jahon banki

Лойиҳа шаҳарлар ва ҳудудлар кесимида маълумотларга асосланган қарор қабул қилишни енгиллаштиради, давлат ва хусусий сектор ўртасида ахборот алмашинувини яхшилайди. Ҳозирги урбанизация жараёнлари туфайли ер ресурслари ва инфратузилмага бўлган талаб ошиб бормоқда. Аммо батафсил геофазовий маълумотлар етишмаслиги ҳокимият органлари учун самарали режалаштиришда тўсиқ бўлмоқда.

Тадбиркорлар ҳам ер участкалари ва инфратузилмалар ҳақидаги аниқ маълумотлар етишмаслиги сабабли хавфсиз инвестиция қарорларини қабул қилишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Шу боис 2021 йилда Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси (ФММИ)ни ривожлантиришга қаратилган қонуний асос яратилган эди.

Лойиҳа икки йўналишни ўз ичига олади. Биринчиси — ФММИни ривожлантириш. Унинг доирасида учта янги маълумотни қайта ишлаш маркази яратилади, миллий гео портал такомиллаштирилади ва маълумотлар ягона архитектура асосида стандартлаштирилади.

Иккинчи йўналишда эса ҳудудий ва муниципал даражада картография, геодезия тизимлари модернизация қилинади. Жумладан, 80 та GPS референс станциялари ўрнатилади ва ягона манзил реестри яратилади. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида 3D моделлар ва муҳандислик коммуникациялар реестрини яратиш бўйича синов лойиҳалари амалга оширилади.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Татяна Проскурякова таъкидлашича, «ФММИни ривожлантириш — иқтисодий қарорлар самарадорлигини оширишда муҳим омил. Ушбу лойиҳа шундаёқ фойдаланувчиларга ишончли маълумотлар тақдим этиб, инвестицион муҳитни яхшилашга хизмат қилади.»

Умуман, лойиҳа геофазовий маълумотларнинг шаффофлиги ва фойдаланиш имконини ошириб, хусусий сектор ва аҳолининг мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, янги инвестицияларни жалб қилиш, замонавий инфратузилмаларни шакллантириш учун зарур пойдеворни яратади.