ChatGPT’га ота-оналар назорати функцияси қўшилади

12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

OpenAI ўзининг ChatGPT чатботига ота-оналар назорат функциясини жорий этмоқда. Бу имконият орқали ота-оналар фарзандларининг платформадан қандай фойдаланиши устидан назорат ўрната олади.

Chatgpt

Euronewsʼнинг хабар беришича, яқин бир ой ичида ишга туширилиши кутилаётган функция орқали ота-оналар фарзандлари билан аккаунтларни боғлайди ва чат тарихини кўриб чиқиши мумкин бўлади. Шунингдек, агар система боланинг оғир руҳий ҳолатда эканини сезса, бу ҳақда ота-онага махсус огоҳлантириш хабарини юборади. Ҳозирча қайси ҳолатларда ушбу сигнал ишга тушиши очиқланмаган.

Янги функция апрел ойида 16 ёшли Адам Райннинг ўз жонига қасд қилишидан сўнг жорий этилмоқда. Боланинг ота-онаси компания ва бош директор Сэм Алтманга қарши судга мурожаат қилган. Улар даъво аризасида ChatGPT ўсмирда сунъий интеллектга қарамлик уйғотгани ва ҳатто унга ўз жонига қасд қилиш режасини тузишда ёрдам берганини билдирди.

Адвокат Жей Эделсон ушбу чораларни «мавҳум ва самарасиз» деб баҳолаб, OpenAI’ни танқид қилди. Унинг таъкидлашича, компания муаммони ҳал қилиш ўрнига эътиборни бошқа йўналишга бурмоқда.

Шу билан бирга, Meta компанияси ҳам 2 сентябрда ўз чатботларига ўсмирлар билан ўз жонига қасд қилиш, нотўғри овқатланиш ёки номақбул муносабатлар ҳақида мулоқот қилишни тақиқлади. Бундай ҳолларда ботлар фойдаланувчиларни мутахассисларга йўналтиради.

Аввалроқ ChatGPT маслаҳатини бажарган америкалик эркак руҳий шифохонага ётқизилгани хақида хабар берган эдик.