Финландия Россия активларидан тушган даромад ҳисобидан Украинага қурол етказиб беради

20.05.2025 18:32 | 2 дақиқада ўқилади.

Финландия Россиянинг музлатилган активларидан тушган 90 миллион евро даромадни Украинага ҳарбий ёрдам сифатида йўналтириш бўйича Европа Комиссияси билан келишув имзолади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги 19 май куни Хелсинкида маълум қилди.

Finlandiya

Ушбу келишув орқали Финландия Европа Иттифоқининг Европа тинчлик жамғармаси (EPF) орқали Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш чораларини амалга оширувчи давлатлар қаторига қўшилди. Қарорга мувофиқ, Украина Қуролли Кучлари учун зарур ўқ-дорилар фин компанияларидан харид қилинади.

Мудофаа вазири Антти Хяккяненнинг таъкидлашича, бу орқали нафақат Украинага ёрдам кўрсатилади, балки Финландиянинг мудофаа саноатида иш ўринлари ҳам яратилади. Унинг сўзларига кўра, бу мамлакатнинг 660 миллион еврога тенг умумий ёрдам дастурининг бир қисми ҳисобланади.

Вазир, шунингдек, Финландиянинг қурол-аслаҳа ишлаб чиқариш соҳасига қилаётган сармоялари ўз самарасини бераётганини таъкидлади. Россия активларидан тушган даромаддан қандай қурол турлари етказиб берилиши ҳақида ҳозирча қўшимча маълумот берилмади.

Аввалроқ Финландияда Украина ва НАТО эҳтиёжлари учун дронлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режаси эълон қилинган эди. Summa Defence компанияси бу борада янги завод қуриш орқали ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш ниятида эканини маълум қилган.