Uzum Bank ва DemirBank финтех соҳасида стратегик ҳамкорлик бошлади

20.05.2025 18:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Қирғизистоннинг DemirBank банки ва Ўзбекистондаги етакчи рақамли молия институтларидан бири — Uzum Bank, Марказий Осиёда финтех хизматларини ривожлантириш мақсадида стратегик шерикликни бошлади.

Demirbank

Ҳамкорлик доирасида минтақада рақамли банк хизматларини оммалаштириш, мижозлар учун қулай ва хавфсиз молиявий ечимлар яратиш режалаштирилган. Умумий мақсад — трансчегаравий пул ўтказмалари, рақамли тўловлар ва мижозларга мўлжалланган замонавий сервислар учун ягона технологик муҳит барпо этиш.

Лойиҳанинг дастлабки босқичларидан бири — икки давлат ўртасида тез ва осон амалга ошириладиган трансчегаравий пул ўтказмалари тизимини яратишдир. Бу хизмат Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги молиявий интеграцияни чуқурлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

DemirBank вакиллари ҳамкорликни оддий шартнома эмас, балки рақамли келажак сари қўйилган стратегик қадам сифатида баҳоламоқда. Улар финтех соҳасида инновацион ечимларни яратиш орқали мижозлар ҳаётида реал қиймат яратишни мақсад қилган.

Uzum Bank эса ўз инфратузилмаси ва локаллаштирилган молиявий маҳсулотлар яратишдаги тажрибаси билан минтақада янги сифат даражасидаги ечимларни жорий этишга ҳаракат қилмоқда. Компания ўз ечимлари нафақат Ўзбекистон ва Қирғизистонда, балки бутун Марказий Осиёдаги истиқболли бозорларга ҳам мўлжалланганини таъкидламоқда.