Ўзбекистон қачон жаҳон ўртача ЯИМга етади?

17:10 | 9 дақиқада ўқилади.

Хитой ва Жанубий Корея қисқа вақт ичида қашшоқликдан иқтисодий ривожланишга эришди. жаҳон ўртача ЯИМ даражасига чиқиш учун Жанубий Корея 20 йилдан зиёд, Хитой эса 42 йил вақт сарфлади. Ўзбекистон эса 2048 йилга келиб дунёдаги ўртача кўрсаткичга етиши мумкин.

Uzbekistan economy

Сўнгги ярим асрда дунёда айрим давлатлар иқтисодий тараққиётда жуда катта йўл босиб ўтди. Улар орасида Жанубий Корея ва Хитой алоҳида ўрин тутади. Иккиси ҳам қашшоқ ва вайрона ҳолатдан бошлаб, қисқа давр ичида ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилди.

Бу тажриба Ўзбекистон келажаги учун ҳам долзарб савол туғдиради: мамлакат қачон жаҳон ўртача ЯИМ даражасига етиши мумкин?

 

Жанубий Корея: «Хан дарёсидаги мўъжиза»

Экспортга йўналтирилган сиёсатга ўтиш

Жаҳон ўртача кўрсаткичига етиш Йиллар  Аҳоли жон бошига ЯИМ 30 минг доллардан ошиши

Йиллар 

1965

1987

22

2017

52
Аҳоли жон бошига ЯИМ 

(АҚШ доллари)

Аҳоли жон бошига ЯИМ (АҚШ доллари)
Жаҳон 

601

3475

10765

Жанубий Корея

109

3555

31601

Манба: Юлий Юсупов таҳлили

Жанубий Корея 1950–1953 йиллардаги Корейс урушида вайрон бўлиб, киши бошига ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) Африка қитъасидаги энг қашшоқ мамлакатларникидан ҳам паст эди. 1960-йиллар ўрталарида Сеул иқтисодий сиёсатини тубдан ўзгартирди: импортни алмаштириш йўлини тарк этиб, экспортга йўналтирилган саноат ривожига эътибор қаратди. Давлат саноат тармоқларига кредитлар, технология трансфери ва қонуний ҳимоя орқали ёрдам берди.

Иқтисодчи Ха-Жун Чаннинг таъкидлашича, Жанубий Корея айнан давлат аралашуви ва тартибга солувчи тариф сиёсати туфайли миллий индустрияларнинг ўсишига эришди.

Натижада, мамлакатга киши бошига жаҳон ўртача ЯИМ даражасига чиқиш учун 22 йил вақт керак бўлди. Кейинги 30 йил давомида эса Жанубий Корея ЯИМ кўрсаткичини 30 минг доллардан юқорига олиб чиқди. 2023 йилда ЯИМ номинал 33 147 долларни ташкил этди, харид қобилияти паритети бўйича эса 50,4 минг долларни ташкил этди — бу кўрсаткич жаҳон ўртачаси (26 минг 561 доллар)дан икки баробар юқори.

Жанубий Кореянинг умумий ЯИМ ҳажми 2023 йилда 1,713 трлн долларга етди. Мана шу жараён дунё иқтисодида «Хан дарёсидаги мўъжиза» номи билан тарихга кирди.

 

Хитой: Дэнг Сиаопинг ислоҳотлари

Мао Жедонг давридаги «Катта сакраш» ва маданий инқилоб сиёсати Хитойни қашшоқлик ва очарчиликка етаклади. Миллионлаб инсонлар қурбон бўлди, иқтисодий ўсиш эса деярли тўхтаб қолди.

Бозор ислоҳотларига йўналиш Жаҳон ўртача кўрсаткичига етиш Йиллар

1979

2021

42

Аҳоли жон бошига ЯИМ (АҚШ доллари)
Жаҳон 

2329

12419

Хитой

184

12887

Манба: Юлий Юсупов таҳлили

Фақатгина 1978 йилда Дэнг Сиаопинг «очиқлик ва ислоҳотлар» дастурини эълон қилди. 1980-йиллар ўртасига келиб, деҳқонларга ердан фойдаланиш ҳуқуқи ва иқтисодий мустақиллик берилди. Хорижий сармоялар жалб этилди, экспортга йўналтирилган саноат ҳудудлари ташкил этилди.

Натижада, 1980–2010 йиллар давомида Хитой иқтисодиёти йиллик ўртача 10 фоизга ўсди. Бу жараёнда тахминан 800 млн киши экстремал қашшоқликдан чиқди — бу инсоният тарихида энг катта камбағалликни қисқартириш мисоли ҳисобланади.

Хитойга киши бошига жаҳон ўртача ЯИМ даражасига етиш учун 42 йил вақт керак бўлди. Бугунги кунда мамлакатнинг умумий ЯИМ ҳажми 18 трлн доллардан ошиб, АҚШдан кейинги иккинчи йирик иқтисодга айланди.

 

Ўзбекистон жаҳондаги ўртача ЯИМга қачон етади?

Иқтисодчи Миркомил Холбоев Ўзбекистоннинг дунёда киши бошига ЯИМ даражасига чиқиш имкониятини таҳлил қилди.

Xolboyev info
Манба: Mirkonomika

«Агар киши бошига даромаднинг сўнгги 4 йилдаги ўртача ўсишини олсак (мамлакатимизда 12,5 фоиз, дунёда 5,8 фоиз), унда мамлакатимиз 2048 йилга бориб ёки яна 24 йилдан кейин (мустақилликка нисбатан 57 йилда) дунёдаги ўртача кўрсаткичдан ўтиши мумкин экан. Албатта, бу энг оптимистик сценарий бўлса керак», — дейди Холбоев.

1991 йилда аҳоли киши бошига даромад ўртача кўрсаткичнинг 15 фоизини ташкил қилган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 23 фоизга етган. Яъни 34 йилда киши бошига даромадимиз дунёдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 8,3 фоиз бандга яхшиланди.

Миркомил Холбоевнинг қайд этишича, агар 4 йилда 8,3 фоиз бандга яхшиланган кўрсаткич кейинги 24 йилда яна 77 фоиз бандга ошса, бундан бемалол «иқтисодий мўъжиза» дейиш мумкин.

Иқтисодчи Юлий Юсупов эса 2017 йилда бошланган бозор ислоҳотлари ҳали якунланмагани, деҳқонлар ҳануз қарамлик ҳолатида қолётгани сабаб иқтисодий аҳволнинг қачон яхшиланиши мавҳумлигича қолаётганини таъкидламоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ЯИМ 2025 йилнинг 6 ойида 7,2 фоизга ўсиб, 807,9 трлн сўмга етди. Аммо бу ўсиш тезлиги Марказий Осиё мамлакатлари ичида энг паст кўрсаткич сифатида қайд этилган.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади