Россия парламенти 20 май куни меҳнат мигрантлари ва бошқа хорижликларнинг ҳаракатланишини кузатишга қаратилган янги қонунни қабул қилди. Унга кўра, Москва ва Москва остонасида узоқ муддат бўлиб турувчи фуқаролар 2025 йил сентябридан бошлаб махсус мобил илова орқали ўз геолокация маълумотларини ИИВга тақдим этиши шарт бўлади.
Қонун 4 йиллик пилот лойиҳа сифатида жорий этилади. Геолокация маълумотлари 3 кундан ортиқ вақтда тақдим этилмаса, шахс махсус назорат рўйхатига киритилиб, унга Россия ҳудудида бўлиш тақиқланиши мумкин. Қоидалар 90 кундан ортиқ Россияда бўлиб турган барча хорижликларга тааллуқли. Дипломатлар ва Беларус фуқаролари бундан мустасно.
Қонун дастлаб фақат патент орқали икки ҳудудда ишлашга рухсат беришни назарда тутган эди. Аммо иккинчи ўқишда унга геолокация назоратига оид жиддий ўзгартиришлар киритилди. Миграция сиёсатидаги умумий қаттиқлашув фонида ушбу чоралар янада аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги ойларда полиция рейдлари, миграция ҳисобини бузганлар устидан жиноят ишлари кўпаяётгани кузатилмоқда. Айрим мактаблар эса рус тилини билмайдиган мигрант болаларни қабул қилишдан бош тортмоқда. Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин мигрантлар орасида жиноятчилик ўсиб бораётгани ҳақида гапирган, бироқ аниқ рақамлар келтирмаган.