Трамп Пентагонга «Уруш вазирлиги» номини қайтармоқчи

20:20 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Мудофаа вазирлиги номини «Уруш вазирлиги» (Department of War) деб ўзгартиришни режалаштирмоқда. Оқ уй бунинг сабабини очиқлади.

Trump pentagon

Трамп Пентагон номини «Уруш вазирлиги» деб ўзгартирмочи. Оқ уй бу орқали душманларга «Америка миллий манфаатларини ҳимоя қилиш учун уруш олиб боришга тайёр» эканини англатишни мақсад қилмоқда. Бу ҳақда Washington Post хабар берди.

Трамп август ойидаги журналистлар билан суҳбатда бу масалага тўхталиб, «Биз жаҳон урушларида ғалаба қозонган пайтларда бу идора Уруш вазирлиги деб аталган. Фикримча, аслида шундай бўлиши лозим. Мудофаа сўзи ортиқча ҳимоявий туюлади. Албатта, биз ҳимояда бўлишни истаймиз, аммо зарурат туғилса, ҳужумкор ҳам бўлишимиз керак.», деган эди.

Бироқ WP таъкидлашича, президентнинг вазирлик номини мустақил равишда ўзгартириш ваколати бор-йўқлиги ноаниқ. Конгресс 1789 йилда ташкил этган идоранинг номи расмий равишда 1947 йилда ўзгартирилган ва шундан бери «Мудофаа вазирлиги» сифатида юритилиб келинмоқда.

Маълумотларга кўра, янги фармон орқали «Уруш вазирлиги» ибораси дастлаб «иккинчи ном» сифатида ишлатилиши мумкин. Шунингдек, ном ўзгариши катта маблағ талаб қилиши ҳам кутилмоқда. Чунки вазирлик рамзлари ва номлари юзлаб давлат бинолари ҳамда халқаро объектларда қўлланилган.