Tesla компанияси ўз бош ижрочи директори Илoн Маскка 10 йил мобайнида қатор натижаларга эришган тақдирда 1 трлн доллар қийматидаги мукофотни таклиф қилди. Бу орқали Маскни яна компания фаолиятига жиддий қайтариш мақсад қилинган. Охирги бир йилда у сиёсатга шўнғиб кетган, ҳатто ўз партиясини тузиш ҳаракатида бўлган.
Шартли пакетга кўра, Маск компанияда фаол ишлаши ва Tesla’ни 8,5 трлн долларлик капитализацияга етказиши лозим. Унда Маск 12 фоиз акцияга эга бўлиб, умумий улуши 25 фоизга етади. Бу унинг ўз хоҳишига мос келади — аввалроқ у компанияни тўлиқ назорат қилиш нияти борлигини айтган эди.
Tesla’нинг ҳозирги бозор қиймати 1,1 трлн доллар атрофида, 2023 йил охирида эса у 1,5 трлн доллар бўлган. Бу мақсадга етиш осон бўлмайди, чунки рақобат кучаймоқда — айниқса Хитойнинг BYD компанияси томонидан.
Компания II чоракда 14 фоизлик савдо пасайишига дучор бўлди, даромад 12 фоизга камайиб 22,5 млрд долларни ташкил қилди, соф фойда эса 16 фоизга тушиб 1,17 млрд долларга етди. Бу охирги 10 йилдаги энг катта пасайиш бўлди.
Tesla шу кунларда автопилотли такси лойиҳасини ҳам синовдан ўтказмоқда. Бу дастур ҳам Маскнинг мукофотига боғланган асосий натижалардан бири ҳисобланади. Компания кенгаши уни «узоқни кўра биладиган етакчи» деб атаб, уни сақлаб қолишни «асосий стратегик вазифа» деб таърифламоқда.