Россия ҳукумати «Россиянинг катта эницлопедияси» («Большая российская энциклопедия» — БРЭ) лойиҳасини расман ёпиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу энциклопедияни яратиш учун умумий ҳисобда 2 млрд рубл сарфланган бўлса, энди уни тугатиш учун яна 303 млн рубл ажратилди. Бу маблағлар ходимлар маоши, ишдан бўшатиш тўловлари ва бошқа қарзлар учун сарфланади.
БРЭ лойиҳаси 2019 йилда Владимир Путин ташаббуси билан йўлга қўйилган. Унда Википедияга муқобил миллий онлайн-энциклопедия яратиш кўзда тутилган эди. Бироқ, бошиданоқ муҳокамаларга сабаб бўлган лойиҳа 2022 йилда амалга оширилиши керак эди, аммо муддатлар ортга сурилди, техник муаммолар ва танқидлар ортиб борди.
Ресурсда кўплаб мақолалар «Катта совет энциклопедияси»дан олингани сабабли маълумотлар эскирган, Путин ва бошқа сиёсий шахслар ҳақида маълумотлар йўқ эди. Бу эса лойиҳага ишончни пасайтирди.
2024 йил баҳорида ходимлар 2023 йил декабридан буён маош олмаётганини маълум қилган, июн ойида эса сайт янгиланиши тўхтаган. Июлда расмий равишда портал фаолияти тугатилгани эълон қилинди. Энди унинг қолган материаллари миллий интернет-энциклопедия «Рувики»га ўтказилиши мумкин.
Лойиҳа тугатилиши Россияда давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилган, аммо натижасиз якунланган йирик медиа-ташаббуслардан бири бўлиб қолди.