Блогер «Шуҳрат Шон»га нисбатан суд ҳукми ўзгартирилди

16:06 | 3 дақиқада ўқилади.

Блогерлик фаолияти билан шуғулланган Шуҳрат Раҳимов туҳмат моддаси бўйича оқланди, аммо бошқа айбловлари сақланиб қолди.

Shuhrat shon

Жиноят ишлари бўйича Чиноз туман суди 2025 йил 17 мартда блогер Шуҳрат Раҳимовни бир нечта моддалар бўйича айбли деб топиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган эди. Раҳимов «HAQIQAT OVOZI» номли YouTube каналида «Шуҳрат Шон» тахаллусида блогерлик фаолияти билан шуғулланган.

Суд ҳукмига кўра, у Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат), 140-моддаси (ҳақорат қилиш) ва 236-моддаси (тергов ёки суд ишларига аралашиш) бўйича айбдор деб топилган. Шу билан бирга унга турли чекловлар қўйилган, жумладан, Интернетдан фойдаланмаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик ва Тошкент вилоятидан ташқарига чиқмаслик кабилар.

Бироқ, 2025 йил 5 сентябрда Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция тартибида мазкур ишни кўриб чиқиб, Чиноз туман суди ҳукмини қисман ўзгартирди.

Шу қарорга кўра, Шуҳрат Раҳимов Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «г» банди билан айбсиз деб топилди ва реабилитация қилинди. Аммо унга нисбатан ҳақорат ва тергов ишларига аралашиш моддалари бўйича тайинланган жазолар сақланди.

Суд унга иш жойига бориб келиши учун зарур вақтдан ташқари қолган вақтларда уй-жойини тарк этмаслик шарти билан 2 йил озодликни чеклаш жазосини белгилади. Суд қарорини келгусида тафтиш тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи сақланиб қолгани таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ блогер Азиз Ҳакимов Шерзодхон Қудратхўжани ҳақорат қилгани учун жаримага тортилгани ҳақида хабар берган эдик.