7 сентябрга ўтар кечаси Microsoft корпорацияси Қизил денгизда бир нечта сувостидаги оптик толали кабеллар шикастланиши туфайли Azure булут хизматларида муаммолар юзага келганини маълум қилди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.
Компания маълумотига кўра, кабелларнинг шикастланиши туфайли ортиқча трафик Яқин Шарқ орқали ўтаётган йўналишларда кечикишлар ва узилишлар кузатилган. Ушбу маълумотлар оқими Осиё ва Европа минтақалари билан боғлиқ бўлиб, мазкур узилиш глобал миқёсдаги хизматларга таъсир кўрсатган.
Microsoft вакиллари айтишича, муаммони бартараф этиш мақсадида трафик альтернатив йўналишларга йўналтирилган, аммо бу ҳолат ҳам хизматлар тезкорлигида сезиларли кечикишларга олиб келган. Айни вақтда кабеллар тикланиш жараёнида, аммо таъмирлаш ишлари узоқ вақт талаб қилиши мумкин.
Сувостидаги кабелларнинг аниқ қандай сабаб билан узилгани ҳозирча маълум эмас. Bloomberg ахборот агентлиги маълум қилишича, Қизил денгиздаги телекоммуникация инфратузилмасини тиклаш ишлари Ямандаги ҳусийчилар томонидан доимий амалга оширилаётган ҳужумлар туфайли мураккаблашган. Ҳозирги пайтда бундай сувости кабеллари узилиши Болтиқ денгизи каби бошқа минтақаларда ҳам кузатилаяпти.
Маълумот учун, Microsoft Azure дунёдаги энг йирик булут хизматлари провайдерларидан бири бўлиб, Amazon AWS’dан кейин иккинчи ўринда туради. У фойдаланувчиларга ҳисоблаш, таҳлил ва маълумотлар сақлаш каби кўплаб воситаларни тақдим этади.