Сўнгги кунларда блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида август ойи охирида тарқалган видео яна муҳокама этилмоқда.
Унда Россияда бир йўловчи ўзбекистонлик такси ҳайдовчисини «русларнинг қулисан» дея камситиб, ҳақорат қилган эди. Ҳолбуки, мазкур воқеа бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга расмий нота йўллаган. Масала ўз ечимини топганлигига қарамай, яна муҳокама қилинаётганлиги кузатилмоқда.
Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов, бундай ҳолат асоссиз тушунмовчилик ва беқарорлик кайфиятини келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида айтди.
«Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фаол блогерлар! Сизнинг овозингиз, холис фикрингиз ва ёритаётган мавзуларингиз жамиятимиз ҳаётида жуда катта аҳамиятга эга. Шунинг учун Сизлардан долзарб, бугунги кун учун ҳақиқатан ҳам муҳим бўлган масалаларни кўтаришингизни сўраб қоламиз», — деди у.
Бурҳоновнинг сўзларига кўра, ТИВ ва хориждаги дипломатик ваколатхоналарнинг асосий вазифаларидан бири ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Мутасадди идоралар бу йўналишда доимо масъулият билан ишламоқда. Барча ҳаракатлар фуқаролар фаровонлиги ва мамлакат обрўсини юксалтиришга қаратилган. Шу боис ҳар бир хабар ва чиқишда масъулиятни ҳис этиш ҳамда юрт равнақи йўлида ҳамкорликда ишлаш зарур.