Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернат ташкил этилади

21.05.2025 11:08 | 2 дақиқада ўқилади.

«Президент иқтидорли фарзандлари» ташаббуси доирасида иқтидорли ёшлар учун янги халқаро мактаб-интернат ташкил этилади. Ўқув жараёни 2025/2026 ўқув йилидан бошланади ва халқаро таълим дастури жорий этилади.

Maktab

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги ПФ–86-сонли фармони билан «Президент иқтидорли фарзандлари» ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланди. Мазкур ташаббус иқтидорли ёшларни барвақт аниқлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали инсон капиталини ривожлантиришга, глобал меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.

Фармонга кўра, мазкур ташаббусни амалга ошириш ва уни қўллаб-қувватлаш бўйича миллий дастур жорий этилади. Шу доирада Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернат ташкил этилади. Мактабда ўқув жараёни 2025/2026 ўқув йилидан бошланиши белгиланган.

Ушбу мактабда таълим олувчилар Давлат намунасидаги шаҳодатнома билан бир қаторда International Baccalaureate (IB) халқаро таълим дастури дипломига эга бўлиш имкониятига эга бўлади.

Ўқув жараёни индивидуал ёндашув асосида ташкил этилади. Маслаҳатчи ва ўқитувчига тўғри келадиган ўқувчилар сони мутаносиб равишда 1:15 ва 1:8 нисбатда белгиланади. Дарслар вариатив ўқув режалар асосида олиб борилади. Унда инглиз тилидан ташқари камида яна бир хорижий тил ўқитилади.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўқитиладиган ўқувчилар сони 180 нафар билан чекланган. Мактабдаги ўқувчиларга илмий-тадқиқот ишлари, инновацион стартаплар ва ижтимоий лойиҳаларда иштирок этиш, шахсий портфолио тузиш имкониятлари яратилади.

Шунингдек, «Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамжамияти» фаолияти ҳам йўлга қўйилади. Бу орқали ёшлар ўртасида тажриба алмашиш, ўз билим ва қобилиятларини ривожлантириш имкониятлари янада кенгаяди.