Қозоғистон нефт қазиб чиқаришни OPEC квотасидан ошириб юборди

21.05.2025 10:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Қозоғистон 2025 йил май ойида нефть қазиб чиқаришни апрелга нисбатан 2 фоизга ошириб, кунига ўртача 1,86 млн баррелга етказди. Бу кўрсаткич мамлакатнинг OPEC+ келишуви бўйича белгиланган 1,486 млн барреллик квотасидан анча юқори.

Neft

Қозоғистоннинг Тенгиз конида нефт қазиб олиш ҳам сезиларли даражада ўсиб, 932 минг баррелга етди.

Апрел ойида қазиб чиқариш 3 фоизга камайган бўлса-да, умумий ҳажм ҳали ҳам квотадан юқори бўлиб қолмоқда. Бундай ортиқча ишлаб чиқариш «Tengizchevoil» компаниясининг Тенгиздаги ишлаб чиқаришни ошириши билан боғлиқ. Тенгизшевройлда Chevron 50 фоиз, ExxonMobil 25 фоиз, Казмунайгаз 20 фоиз ва Лукойл 5 фоиз улушга эга.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги OPEC+ мажбуриятларини бажаришга содиқлигини таъкидлаб, 2026 йил апрелигача ортиқча ишлаб чиқарилган 1,3 млн баррелни компенсация қилиш режасини билдирган. Вазирликнинг маълум қилишича, Тенгиз кони режалаштирилган ишлаб чиқариш ҳажмига етган ва бу йилда қўшимча ўсиш кутилмаяпти.

Шу билан бирга Қозоғистон OPEC+ квоталарига тўлиқ риоя қилишда қийинчиликларга дуч келмоқда, чунки мамлакатдаги йирик конлар, жумладан, Тенгиз халқаро корпорациялар томонидан бошқарилади. Таҳлилчилар ишлаб чиқариш ҳажми тахминан 1,8 млн баррел атрофида барқарорлашишини кутмоқда.