АҚШнинг қарзи ЯИМнинг 122 фоизига етди, бу қарзлар қаердан олинган?

21.05.2025 11:45 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШнинг миллий қарзи 36,2 трлн долларга етди, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 122 фоизини ташкил этади. Қарз ҳар уч ойда тахминан 1 трлн долларга ўсмоқда. Бу ҳолат Moody’s агентлиги томонидан АҚШнинг кредит рейтингини пасайтиришга олиб келди. Шу билан бирга Конгрессда Президент Доналд Трампнинг янги солиқ имтиёзлари тўғрисидаги қонуни қабул қилинди, бу эса келгуси ўн йилда миллий қарзга яна 5 трлн доллар қўшиши мумкин. 

Aqsh tashqi qarz

АҚШ қарзининг тахминан 75 фоизи давлат агентликлари, пенсия жамғармалари ва хусусий инвесторлар томонидан, қолган 25 фоизи эса Япония, Хитой, Буюк Британия каби хорижий мамлакатлар томонидан тутиб турилади.

Қарзнинг ортиши бюджет тақчиллиги билан боғлиқ: давлат харажатлари даромадлардан юқори бўлган ҳолларда, ҳукумат қарз олиш орқали фарқни қоплайди. Бу мақсадда АҚШ Молия вазирлиги Treasury bills, notes ва bonds каби давлат қарз қоғозларини чиқаради. Ушбу қоғозлар инвесторлар учун хавфсиз активлар ҳисобланади, чунки АҚШ ҳукумати ўз мажбуриятларини бажаришига ишонч юқори.

Қарз миқдори белгиланган чегара — «қарз чегараси» орқали назорат қилинади. Конгресс бу чегарани кўп марта оширган: 1960 йилдан буён қарз чегараси 78 марта кўтарилган ёки ўзгартирилган. Агар чегарага етиб, янги лимит белгиланмаса, ҳукумат ўз мажбуриятларини бажара олмай қолиши мумкин.

Молиявий экспертлар АҚШнинг узоқ муддатли фискал барқарорлигига шубҳа билан қарамоқда. Қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ортиб бормоқда, бу эса келгусида солиқларни ошириш ёки давлат харажатларини қисқартириш заруратини келтириб чиқариши мумкин.