Полшанинг «New Energy Transfer Group» ва «Gulf Energy Efficiency» компаниялари Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари ва чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари ва мазкур компаниялар бош директори Александра Видух билан учрашувда маълум қилинди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари, қаттиқ ва суюқ чиқиндиларни қайта ишлаш, канализация тизимларини самарали бошқариш, қишлоқ ва сув хўжалиги, хусусан балиқчилик соҳаларида ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинган.
Учрашув якунида 2025 йил сентябр ойида компания делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олинган.
«New Energy Transfer Group» Полшада сувни тозалаш ва энергия самарадорлиги соҳасида фаолият юритади. Компания ўзининг 30 йилдан ортиқ тажрибасига таянган ҳолда, инновацион технологияларни ихтиро қилиш ва ривожлантириш, муҳандислик ва консалтинг хизматлари кўрсатиш билан бирга ишлаб чиқариш, харид, қурилиш, эксплуатация ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам самарали ечимларни тақдим этади.
Компания Полша, Италия, Испания, Португалия, Хорватия, Саудия Арабистони, Туркия, БАА, Қатар, Кувайт, Индонезия ва Малайзияда 100 миллион АҚШ долларидан зиёд умумий қийматга эга бўлган 60 га яқин йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган.