Бундан уч йил аввал ҳайвонот боғида қизини айиқ қафасига ташлаб юбориб, турли муҳокамаларга сабаб бўлган аёл, жорий йилнинг 8 сентябр куни шу қизини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда «Миллар» кўрсатувида хабар берилди.
Аёл 2022 йил январ ойида уч ёшли қизини Тошкент ҳайвонот боғидаги айиқ қафасига ташлаб юборгани сабабли суд томонидан қасддан одам ўлдиришга уринишда айбдор деб топилиб, мажбурий даволанишга юборилганди.
Ушбу 1991 йилда туғилган шахс воқеа содир бўлган куни ўзини ноодатий тутиб, ошхонада турган ўткир тиғли жисм билан 2018 йилда туғилган қизига жароҳатлар етказган. 7 ёшли қизалоқ олган тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган.
Аёл 2 август кунига қадар руҳий асаб касалликлари шифохонасида даволанаётган бўлган ва шу кундан бошлаб 2-сонли шаҳар руҳий асаб касалликлари диспансерида ҳисобга қўйилган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 28 январ куни, соат тахминан 12:00 ларда аёл номаълум сабабларга кўра одамларнинг кўз олдида кичкина қизалоқни айиқ волерига ташлаб юборганди. Ўшанда айиқ қизалоққа зарар етказмаган. Шунингдек, “Йиртқичлар” бўлими ходимлари тез ҳаракат қилишган ва айиқни ички хонага олиб киришга муваффақ бўлишган.
Бола волердан олиб чиқилган ва ҳайвонот боғининг ҳамшираси томонидан кўрикдан ўтказилган. Қизалоқ йиртқич тишлари ва панжаларидан эмас, фақат қарийб 5 метр баландликдан йиқилиш туфайли жароҳат олган. Дастлабки кўрикда урилишлардан ташқари кўзга кўринарли жиддий шикастлар аниқланмаганди ўшанда.