Бухоро шаҳрида ўтаётган халқаро биеннале доирасида келгусида қуриладиган Жадидлар мероси музейи лойиҳаси намойиш этилди. Музей дизайни Ливаннинг машҳур меъмори Лина Готме раҳбарлигида ишлаб чиқилгани алоҳида эътироф этилди. Мазкур ташаббус замонавий Ўзбекистонда маданий меросга қайта қараш ва тарихий шахсиятларнинг руҳий меросини қадрлашга интилишни англатади.
Музей 2027 йилда очилиши режалаштирилган бўлиб, у Лаби Ҳовуз мажмуасига кирувчи, тарихий аҳамиятга эга Усмонхўжа Пўлатўжаев хонадонида жойлашади. Ушбу бино XX аср бошларида жадидлар ҳаракати фаолларидан бири Усмонхўжа Пўлатхўжаев фаолияти билан боғлиқ бўлиб, замонавий маърифат ва маданий янгиланиш ғояларининг шаклланиши марказларидан бири бўлган.
Лойиҳа муаллифлари томонидан уйнинг асл архитектураси ва унинг тарихий атмосфераси сақланиб қолишига катта аҳамият қаратилган. Янги музей макони нафақат экспозиция залларини, балки тадқиқот архивлари ва таълим майдонларини ҳам ўз ичига олади. Шу орқали жадидчилик мероси илмий-оммабоп тарзда ўрганилиши ва ёш авлодга етказилиши мақсад қилинган.
Музейнинг асосий мақсади — жадидизм тарихи, унинг ғоялари ва шахслари орқали ўтмиш ва бугунги кун ўртасидаги маънавий кўприқни яратишдир. Бу ерда тарихий ҳужжатлар, экспонатлар ва мултимедиа ечимлари орқали жадидлар ҳаракатининг турли жиҳатлари ёритилади. Шунингдек, очиқ муҳокамалар, конференциялар ва таълимий дастурлар ташкил этиш ҳам режада бор.
Музей жадидлар фаолиятига муносабатни янгича контекстда кўриб чиқиш, уларнинг ғояларини замонавий жамият эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш учун муҳим минбар бўлади.