Биржа савдоларида икки томонлама аукцион тартиби тасдиқланди

21.05.2025 12:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда замонавий биржа механизмларини жорий этиш доирасида икки томонлама қарама-қарши аукцион орқали савдолар ўтказиш тартиби расман тасдиқланди. Бу усул реал нарх шаклланиши ва соғлом рақобат муҳитини таъминлашга қаратилган.

Birja savdosi

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2024 йил 11 апрелда қабул қилинган 220-сонли қарорга асосан, мамлакатда товар-хом ашё биржаларида икки томонлама қарама-қарши аукцион орқали биржа савдоларини ўтказиш тартиби белгиланди.

Мазкур қарор «Замонавий биржа механизмларини жорий этиш орқали биржа савдоларида нархлар ўзгаришининг олдини олишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» деб номланган бўлиб, унда бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда реал нархни шакллантириш, соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлаш каби масалаларга эътибор қаратилган.

Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, эндиликда юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар учун икки томонлама аукцион механизми жорий этилади. Бу эса харидор ва сотувчи ўртасида шаффоф ва самарали савдо жараёнини таъминлашга қаратилган.

Шу билан бирга, 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарорга ҳам ўзгартиришлар киритилиб, сотилмай қолган маҳсулот ҳажмларини такроран биржа савдосига қўйиш, бошланғич нархни қайта кўриб чиқиш ва паст нархда буюртмалар қабул қилиш имкониятлари яратилди.

Икки томонлама аукцион воситасидаги савдоларни жорий этиш, айниқса, монопол бозор иштирокчилари фаолиятини назорат қилиш, нарх манипуляциясига чек қўйиш ва маҳсулот айланмасида қонунийликни таъминлашда муҳим механизм сифатида баҳоланмоқда.