Ўзбекистонда 400 га яқин сифатсиз қурилиш объекти аниқланди

13:00 | 4 дақиқада ўқилади.

10 мингга яқин кўп қаватли уйларнинг сейсмик чидамлилиги текширилганда, уларнинг 87 фоизи белгиланган меъёрларга мос келиши маълум бўлди. Бироқ 1242 та уй қўшимча қўшимча текширишни талаб қилади.

Qurilish

Ўзбекистонда Бош прокуратура ва Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан 9579 та кўп қаватли уйнинг сейсмик хавфсизлиги ўрганилди. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хабар берди.

Текширув натижасига кўра, 87 фоиз уй-жойлар белгиланган меъёрларга тўғри келиши аниқланган. Аммо 1242 та объект қўшимча инструментал таҳлилни талаб қилмоқда.

Шу пайтга қадар 336 та бинода батафсил текширув ўтказилиб, 297 таси мустаҳкамлиги тасдиқланди, 71 таси қўшимча мустаҳкамлашни талаб қилиши маълум бўлди, 1 таси эса сейсмик жиҳатдан заиф деб топилган.

Шу билан бирга қурилиш сифати паст бўлган 396 та объект бўйича материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. Ноқонунийларини бузиш бўйича 200 та даъво аризалари киритилиб, 100 дан ортиғи аллақачон бузилган. Қурилиш қоидаларини қўпол бузган 40 ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, 201 та уйда қаватлар сони рухсатсиз кўпайтирилган ҳолатлар қайд этилди. Энг катта қоидабузарлик Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида кузатилиб, 14 қават ўрнига 21 қаватли уй қурилган. Инспекциянинг бир неча марта тўхтатиш буйруғига қарамай, иш давом эттирилган. Судга қўшимча қаватларни сейсмик чидамлилик бўйича баҳолаш учун ишчи гуруҳ тузиш масаласи чиқарилди.

Ҳудудий инспекциялар томонидан ўтказилган 242 мингдан зиёд мониторинг текшируви натижасида 106 мингдан ортиқ ёзма буйруқ чиқарилди, 2653 та маъмурий баённома расмийлаштирилди ва қарийб 40 млрд сўм жарималар қўлланди. Шунингдек, 712 та ҳолатда паст сифатли қурилиш ишлари жойидаёқ демонтаж қилинди.

2025 йил ҳолатига кўра, инспекция реестрига 27 372 та объект киритилган бўлиб, уларнинг мониторинги изчил давом этмоқда.