Президентнинг 2025 йил 8 сентябрдаги фармонига кўра, 1 ноябрдан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали шахсий кабинетда тақдим этилган маълумотлар қоғоз ҳужжатга тенг кучга эга бўлади. Шу билан давлат органлари ва ташкилотлари уларнинг қоғоз шаклини талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Ягона порталнинг мобил иловаси орқали кўрсатилган маълумотлар ҳам расмий ҳужжат сифатида қабул қилинади. Бу ўзгариш бюрократик тўсиқларни кескин қисқартириш ва хизмат кўрсатиш жараёнини соддалаштиришга қаратилган.
Фармонда, шунингдек, давлат хизматлари марказларида янги қоидалар белгиланди. Пенсионерлар, ҳомиладор аёллар ва уч ёшгача фарзанди билан келган фуқаролар навбатсиз хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шахсларни идентификация қилиш тизими ҳам такомиллаштирилади. OneID орқали рўйхатдан ўтиш билан бир қаторда Face ID орқали биометрик идентификация жорий этилади. Бу жараён тезкорлик ва қулайликни таъминлаши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 1 июлдан Ўзбекистонда ички авиапарвозлар учун рўйхатдан ўтишда шахсни тасдиқловчи электрон ҳужжатлардан фойдаланиш имконияти яратилган эди.
Аввалроқ давлат хизматлари соҳасида ишончнома ва реестр тизимини рақамлаштиришга қаратилган «Vakolat.uz» электрон платформаси 2026 йил 1 январдан фаолият бошлаши ҳақида хабар берган эдик.