Тожикистон фермерлари йиғиб олинган пахтанинг 1 килограммини 6–6,5 сомонийдан (8000 – 8500 сўм атрофида) сотишга мажбур бўлмоқда, бу эса ҳосилнинг таннархидан анча паст. Ишлаб чиқарувчилар соҳани давлат ёрдамисиз зарарга ишлаётганини таъкидламоқда.
Хамадони туманидаги фермерлар пахта ҳосилини реализация қилишда жиддий муаммолар юзага келганини маълум қилишди. Уларнинг айтишича, баҳорда маҳаллий ҳокимият ерларни фақат пахта билан тўлдиришни буюрган, бироқ ҳосил йиғилгандан сўнг тумандаги пахта тозалаш заводлари ишламай қолган. Натижада ҳосилни топширишга жой бўлмаяпти.
Баъзи ишлаб чиқарувчилар харидорларни қўшни ҳудудлардан излашга мажбур бўлмоқда. У ерда пахта килограмми 6 – 6,5 сомонийдан қабул қилинади. Бироқ фермерлар таъкидлашича, бундай нархда улар зарар кўришади.
«Агар камида 10 сомонийдан (13 минг 220 сўм атрофида) сотмасак, касодга учраймиз. Ҳосилнинг таннархи жуда юқори», – дейди пахтакорлардан бири. Унинг сўзларига кўра, пахта етиштириш харажатлари гектарига 10–12 минг сомонийни ташкил қилади. Бундай вазият на фақат Хамадонида, балки Тожикистоннинг бошқа пахтакор ҳудудларида ҳам кузатилмоқда.
Фермерлар катта зарар кўраётгани сабабли ижтимоий тармоқларда ҳукуматдан ёрдам сўраб видеомурожаат ҳам жойлаштиришган.
Қоғозда эркинлик, амалда мажбурият
Амалда фермерлар ҳокимиятнинг «тавсиялари»ни бажаришга мажбур бўлишмоқда. Яъни пахта экиш ихтиёрий эмас, балки мажбурий тус олган. Пахтадан воз кечиб, кўпроқ даромад келтирадиган экинларни танлаш эса фермерлар учун ер ижарасини узайтириш ёки кредит олишда жиддий тўсиқлар юзага келтирмоқда.
Фермерлар турли ҳудудларда шикоят қилмоқда: ҳатто ғалла ёки сабзавот экиш кўпроқ фойда келтирадиган ерларда ҳам улар пахта экишга мажбур қилинган. Натижада ишлаб чиқарувчилар зарар кўришмоқда, пахта эса сотиш қийин бўлган маҳсулотга айланмоқда.
Воситачилар ютяпти, фермерлар ютқазяпти
2025 йилда пахтанинг ўртача харид нархи килограммига 6–6,5 сомонийни (8000–8500 сўм атрофида) ташкил этмоқда, ҳолбуки таннарх 7–8 сомонийга (9 250-10 576 сўм) тенг. Пахта терувчиларга ҳақ тўлаш харажатлари қўшилганда умумий сарф янада ортиб, пахтачилик зарарли соҳада қолмоқда.
Жаҳон бозорида эса пахта килограммига 1,5–1,6 доллардан (яъни 15–16 сомоний) баҳоланмоқда. Бироқ тожикистонлик фермерларнинг ушбу бозорларга чиқиш имконияти йўқ, чунки мавжуд харид тизими ишлаб чиқарувчилардан кўра воситачиларнинг манфаатига хизмат қилмоқда.
«Субсидиялар жорий этилмаса ва харид нархлари оширилмаса, фермерлар пахтачиликни ривожлантира олмайди. Амалдаги тизим воситачиларни қўллаб-қувватлаяпти», – дея таъкидлайди иқтисодчи Фаррух Саидов.
Қўшнилар тажрибаси
Ўзбекистонда давлат пахтачиликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир килограмм учун қўшимча 2,1 сомоний субсидия тўлайди. Бу чора пахта етиштириш ва теримни анча жозибадор қилаяпти.
Тожикистонда эса вазият мутлақо бошқача: теримчилар килограммига атиги 1,5 сомоний (1983 сўм) олади, ҳолбуки қурилиш соҳасида кунига 200 сомонийгача (264 минг сўм атрофида) топиш мумкин.Бу фарқ теримчиларнинг иштиёқини пасайтиради ва ишчи кучи танқислигини кучайтиради.
Мутахассислар фикрича, пахтачиликдаги инқирозни фақат комплекс ислоҳотлар билан енгиб ўтиш мумкин. Энг асосийси, субсидия тизимини жорий этиш, ишлаб чиқарувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш, мажбурий экиш амалиётидан воз кечиш ва фермерларга тўғридан-тўғри бозорга чиқиш имконини берувчи механизмларни яратиш зарур.
Стратегия қоғозда, амалда эса зарар
Тожикистон Республикасининг 2024–2040 йилларга мўлжалланган «Пахта етиштириш, қайта ишлаш ва тўқимачилик саноатини ривожлантириш миллий стратегияси» фермерлар учун қатор чора-тадбирларни назарда тутади.
Режага кўра, имтиёзли кредитлар, грантлар ва субсидияларни кенгайтириш, шунингдек солиқ имтиёзларини жорий этиш кўзда тутилган. Фермерлар заводларда пахта қабул қилиш жараёнида иштирок этиши, нарх шаклланишида ўз манфаатларини ҳимоя қилиши керак.
Шунингдек, стратегияда пахта-тўқимачилик ассоциациясини ташкил этиш, мутахассисларни қайта тайёрлаш, аграрларни хорижда стажировкаларга юбориш ва хорижий экспертларни жалб этиш белгиланган. Алоҳида эътибор қишлоқ хўжалиги техникасини янгилаш ва янги агротехнологияларни жорий этишга қаратилган.
Аммо амалда фермерлар бу чораларни ҳис қилмаяпти. Уларнинг айтишича, ҳозирча ҳеч қандай қўллаб-қувватлаш сезилмаяпти ва улар касодга учрашмоқда.
Ўзбекистонда теримчилар қанча оляпти?
Ўзбекистонда ўтган йили пахтанинг ҳар бир килограммига 1500 сўм атрофида тўланган. Лекин бу теримчиларга қийинчиликлар туғдиргани ва уларни молиявий рағбатлантириш мақсадида 2500 сўмдан қилиб оширилган. Кластер учун ажратилган 3,5 трлн сўмлик субсидия эса натижа бермаган.
2025 йилда эса вазирлик қўлда терилган пахта учун 2000 сўм тавсиявий нарх белгилади. Шунингдек, фермер хўжаликлари ҳар бир килограмм пахтага қўшимча 1000 сўмдан беришлари керак.
(Мақола таржима қилиниб, қайта ишланди).