UzAuto Motors яқин кунларда янги турдаги еврооблигациялар эмиссиясини амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания бош директори Янош Ковач интервюсида маълум қилди. Унга кўра, лойиҳа халқаро бозорда юқори баҳоланаётган компания фаолиятини молиялаштиришни кенгайтиришга қаратилган.
Шу кунларда Тошкентда очилган учинчи прессловчи цех орқали компания ишлаб чиқариш ҳажмини 140 мингтага ошириб, йиллик 550 минг автомобилга етказди. Бу ўз навбатида 470 нафар янги иш ўринларини яратишга ҳам хизмат қилмоқда. 2016 йилда бу кўрсаткич атиги 88,2 минг автомобилни ташкил этарди.
Шунингдек, йил бошида Хоразм филиалида бўёқ ва пайвандлаш цехлари модернизация қилиниб, қўшимча 30 минг автомобил ишлаб чиқариш имкони яратилди. Янош Ковачнинг таъкидлашича, заводдаги технологиялар АҚШнинг General Motors стандартлари асосида жорий қилинган.
Прессловчи цехда жараёнларнинг 90 фоизи автоматлаштирилган, кузов йиғиш жараёнида эса роботлаштириш даражаси 60 фоизни ташкил этади. Аммо сифат назорати бўйича GM тизимлари ҳали тўлиқ жорий этилмаган. Компания бу йўналишда ҳам ишларни кучайтиришини маълум қилган.
Маълумот учун, UzAuto Motors 2021 йилда 300 млн долларлик илк еврооблигацияларини чиқарган, инвесторлар томонидан уларга бўлган талаб 1,4 млрд доллардан ошган эди. Якунланган ярим йилликда компаниянинг соф фойдаси 27,5 фоизга пасайиб, 1,38 трлн сўмни ташкил қилди. Даромадлар ва ялпи фойда мос равишда 9,49 фоиз ва 22,8 фоизга камайган.