Энди кредитлар рекламаcида унинг хатарлари ҳақида огоҳлантирилади

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Марказий банк кредитлар рекламаcида молиявий хатарлар ҳақида огоҳлантириш мажбурий қилинишини таклиф этмоқда, лойиҳа йил охиригача тайёрланади.

Markaziy bank1

Ўзбекистонда кредитлар рекламаси орқали истеъмолчиларга молиявий хизматлар тақдим этиш тартиби ўзгариши мумкин. Марказий банк томонидан «Реклама тўғрисида»ги қонунга тегишли қўшимчалар киритиш таклиф этилди. Ташаббуснинг мақсади — аҳолига кредитлар орқали юзага келиши мумкин бўлган молиявий хатарлар ҳақида аниқ маълумот беришдир.

Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати бошлиғи Баҳодир Мирзаевнинг айтишича, рекламада қарз тўловларини кечиктириш оқибатида кредит тарихининг бузилиши, янги қарзлар олиш имконияти тортиб қўйилиши ёки шартлар оғирлашиши каби ҳолатлар кўрсатилиши мумкин. Бу эса ўз навбатида фоиз ставкалари ошишига ҳам олиб келиши эҳтимолини билдиради.

Мирзаев таъкидлашича, ҳозирда лойиҳа ишлаб чиқиш босқичида. Рекламада қайси хатарлар очиқ ёритилиши лозимлиги юзасидан муҳокамалар олиб борилмоқда. Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси жорий йил охирига қадар тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.

Лойиҳа Марказий банк, реклама бозоридаги асосий регулятор бўлган Рақобат қўмитаси ҳамда Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди. Ҳужжатда белгиланган тартиб қабул қилинса, кредитлар рекламаcида истеъмолчиларни молиявий қийинчиликлардан огоҳлантирувчи қисқа изоҳлар мажбурий тарзда қўшилиши мумкин бўлади.

Шунингдек, хатарлар тўғрисидаги огоҳлантиришлар фақат босма ёки интернет рекламаларида эмас, балки телевизион ва аудио форматларда ҳам тарқатилиши мумкинлиги айтиб ўтилди.