2025 йил 11 сентябрда Марказий банк Бошқаруви йиғилишида асосий ставка йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолинди. Қарор инфляциянинг секинлашиши ва нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Расмий маълумотга кўра, август ойида умумий инфляция 8,8 фоизга пасайган. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўсиши сустлашиши натижасида базавий инфляция 7,6 фоизгача тушган. Бироқ хизматлар соҳасида инфляция энергия нархлари ўсишининг иккилламчи таъсири орқали юқори даражада сақланмоқда.
Марказий банк таъкидлашича, сўнгги ойларда аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари пасайган, аммо улар умумий инфляциядан юқори бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, ялпи талаб юқори даражада сақланиб турибди. Иқтисодий ўсиш биринчи ярим йилликда 7,2 фоизга етди, асосан хизматлар, саноат ва қишлоқ хўжалиги ҳиссаси катта бўлди.
Муҳим омиллар сифатида трансчегаравий пул ўтказмалари, бюджет харажатлари ва кредитлаш суръатлари ўсиши қайд этилди. Шу билан бирга, жаҳонда озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши ва савдо ҳамкор давлатлардаги юқори инфляция келгусида импорт инфляциясини кучайтириши мумкинлиги қайд этилди.
Марказий банк йил якунлари бўйича инфляцияни 8,7 фоиз атрофида прогноз қилмоқда. Шу сабабли, асосий ставка 14 фоизда сақлаб қолинди. Қатъий пул-кредит сиёсати инфляцияга босимни камайтириш, талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш ҳамда молия бозорида барқарорликни сақлашга хизмат қилиши белгиланди.
Марказий банкнинг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 23 октябрга белгиланган.