20–22 май кунлари Канадада ўтаётган G7 — «Катта еттилик» гуруҳига аъзо давлатлар молия вазирлари ва марказий банк раҳбарларининг учрашуви якунида қабул қилиниши керак бўлган баёнотда АҚШнинг кескин позицияси тортишувларга сабаб бўлди.
Politico нашри манбаларининг хабар беришича, АҚШ расмийлари баёнотда Украинага нисбатан «кейинги қўллаб-қувватлаш» ҳақидаги бандини киритишга қарши чиқишган. Шу билан бирга, ҳужжатда Россиянинг Украинага қаратилган ҳарбий ҳаракатларини «ноқонуний босқин» сифатида таърифлаш ҳам АҚШ томонидан қўллаб-қувватланмаган.
Вашингтоннинг бу каби муносабати Европа давлатлари орасида танқидларга сабаб бўлмоқда. Aйрим дипломатлар бу ҳолатни АҚШ ташқи сиёсатининг эҳтиёткорлик билан юритилаётгани, шу билан бирга Украинага бўлган анъанавий қўллаб-қувватлаш позициясидан чекинув деб баҳоламоқда.
Мутахассислар фикрича, АҚШнинг G7’даги бу позицияси келгусида Украинага нисбатан халқаро сиёсий ёрдам ва ҳамжиҳатликни заифлаштириши мумкин. Европа давлатлари, хусусан Германия ва Франция, ҳужжатда аниқ сиёсий баёнотлар бўлишини қўллаб-қувватламоқда.
Шу билан бирга, G7 йиғилиши доирасида молиявий барқарорлик, глобал иқтисодий хавфлар ва ривожланаётган давлатларга ёрдам масалалари ҳам муҳокама қилинмоқда. Бироқ Украина масаласидаги келишмовчилик йиғилишнинг сиёсий аҳамиятини янада оширмоқда.