Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам берилади

16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 2025/2026 йилги иситиш мавсумида кам таъминланган оилаларга бир марталик моддий ёрдам пули ажратилади.

Soliq pul

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотига кўра, жорий йил ноябр ойида эҳтиёжманд аҳолига 1 млн сўмдан ёрдам пули тўлаб берилади. Бу президентнинг шу йил апрелда қабул қилган қарорида назарда тутилган.

Моддий ёрдам Ижтимоий ҳимоя ягона реестри орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилаларга, шунингдек, камбағал оилалар реестрига киритилган фуқароларга берилади. Шу билан бирга, маҳалла еттилиги томонидан шакллантириладиган қўшимча рўйхат орқали ҳам айрим тоифадаги оилалар имтиёздан фойдаланиши мумкин.

Қўшимча рўйхатда боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслари ёки болалари бор оилалар, газ таъминоти ёки марказлашган иситиш тизими йўқ кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётганлар, шунингдек, бир хонадонда 3 ва ундан ортиқ оила бирга яшовчи фуқаролар инобатга олинади. Узоқ муддатли даволанишга муҳтож шахслар ва ёлғиз кексалар ҳам ёрдам доирасига киритилади.

Эҳтиёжманд оилалар 25 сентябрга қадар маҳалла еттилига мурожаат қилиши мумкин. Шу билан бирга, қўшимча рўйхатдаги оилалар сони реестрдаги оилалар сонининг 40 фоизидан ошмаслиги кераклиги белгиланган.

2024–2025 йилги мавсумда кам таъминланган оилаларга 313,6 млрд сўм ёрдам кўрсатилган эди. Жорий йилда эса умумий 1,33 трлн сўм миқдорида компенсация ажратилиши кўзда тутилган.

Аввалроқ Депутатлар Тошкентда иссиқ сув ва иссиқлик таърифлари оширилишини мақуллашди. Vaqt.uz мухбири таърифлар ошиши юзасидан аҳолининг фикрини ўрганди ва пойтахтда яшовчилаарнинг кўп қисми норозилигини билдирган.