АҚШ Конгресси қуйи палатаси аъзоси Жо Уилсон 1974 йилда қабул қилинган Жексон–Веник тузатмасини қайта тиклашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тақдим этди. Унга кўра, мазкур тузатма Россия билан ҳар қандай савдони чеклаш имконини қайта яратади.
Уилсон ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бу қадамни «Полшага қилинган ҳужум»дан кейин савдони тўлиқ тўхтатиш учун ташаббус сифатида атади. У шунингдек, Барак Обама ва Жон Керрини тузатмани «ноқонуний равишда бекор қилганликда» айблаб, буни Россия билан муносабатлардаги «нотўғри қайта юкланиш» деб баҳолади. Чунки Россияга қарши чеклов 2012 йилда айнан Барак Обама томонидан бекор қилинган.
Қайд этиб ўтиш керак, АҚШнинг Савдо тўғрисидаги қонунига 1974 йилги Жексон-Веник тузатмаси айрим давлатларнинг эмиграцияга қўйган чекловлари, хусусан, СССРни тарк этмоқчи бўлган яҳудийларга нисбатан чекловлар туфайли АҚШ билан нормал савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш мақсадида қабул қилинган.
Гарчи совет иттифоқи 1991 йилда парчаланиб кетган бўлса-да, Жексон-Веник тузатмаси унинг айрим собиқ аъзолари учун амал қилишда давом этиб келмоқда. 2000–2012 йилларда бу чекловдан Қирғизистон, Гуржистон, Украина, Арманистон, Молдова ва Россия чиқариб ташланган.
Бироқ, Марказий Осиёнинг тўрт давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистондан чеклов ҳануз олиб ташланмаган.
Агар ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинса, АҚШ–Россия савдо алоқаларига яна жиддий таъсир ўрнатилиши мумкин. Уилсоннинг сўзларига кўра, бу Москвага нисбатан янада қаттиқ иқтисодий босим ўтказишни назарда тутади.