Дунёда сўз ва матбуот эркинлиги сўнгги 50 йилдаги энг жиддий инқирозга дуч келди. Стокҳолмда жойлашган Халқаро демократия ва сайловга кўмак институти (International ID)нинг «Глобал демократия ҳолати–2025» ҳисоботи шу ҳақда маълумот берди. Ҳисобот 174 мамлакатда 1975 йилдан буён йиғилган маълумотларга асосланиб тайёрланган.
Тадқиқотга кўра, охирги беш йилда 94 давлатда демократия даражаси пасайган, ижобий ўзгаришлар эса фақатгина давлатларнинг учдан бир қисмида қайд этилган. Мутахассислар бу жараённи «демократия учун энг катта таҳдид» сифатида баҳолашмоқда.
Демократиянинг бир белгиси бўлган матбуот эркинлиги эса кескин таназзулга юз тутмоқда. 2024–2025 йилларда мамлакатларнинг чорак қисмида вазият ёмонлашган. Айниқса, Афғонистон, Буркина-Фасо ва Мянма каби давлатлардаги сиёсий беқарорлик ҳамда зўравонликлар журналистик фаолиятни бутунлай издан чиқарган. Жанубий Кореяда эса собиқ президент Юн Сук Йол танқидий ОАВга қарши суд даъволари орқали журналистларни «жим» қилишга ҳаракат қилган.
Фаластинда 2023 йилдан буён қарийб 200 журналист ҳалок бўлди. Исроил Ғазо секторга халқаро журналистларни киритишни тўхтатгани вазиятни янада оғирлаштирган. «Ал Jazeera» ҳам Исроил, ҳам Фаластин маъмурияти чекловларига дуч келмоқда.
International IDEA бош котиби Кевин Касас-Саморага кўра, демократик тизимлар сайлов ва қонун устуворлиги билан чекланмаслиги керак. Улар адолат, инклюзивлик ва барча учун фаровонликни таъминлаши зарур. «Агар ҳукуматлар ўзини ислоҳ қилмаса, демократия автократиялар босимига дош беролмайди», — деди у.
Ҳисоботда АҚШга алоҳида эътибор қаратилган. Демократиянинг асосий ҳимоячиси сифатида кўрилган Вашингтон 2021 йилдан «ортда қолаётган демократиялар» рўйхатига киритилган. 2025 йилда Америка халқаро демократик ташаббусларга молиявий ва сиёсий ёрдамни кескин қисқартиргани танқид қилинган. Бу, мутахассислар фикрича, авторитар раҳбарларга кучайиш учун рағбат бермоқда.
Шу билан бирга, ҳисоботда демократия яхшиланган давлатлардан ҳам мисол келтирилган. Африкадаги Ботсвана ва Жанубий Африкада ўтказилган демократик ислоҳотлар самара бермоқда. Иорданияда 2024 йилги парламент сайловлари адолатли ўтган, Полшада эса сўз эркинлиги ва қонун устуворлигида яхшиланиш кузатилган.
Таҳлилчилар демократияни мустаҳкамлаш йўли сифатида хориждаги фуқароларнинг овоз бериш ҳуқуқини кенгайтиришни таъкидлашди. Бу нафақат уларнинг ватанида, балки яшаб турган давлатларида ҳам демократик жараёнларни қувватлайди. Мазкур ҳисобот жаҳондаги эркинликлар учун жиддий огоҳлантириш сифатида қаралиши керак.
Ўзбекистонда матбуот эркинлиги
Халқаро кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўйича вазият «жуда жиддий»лигича қолмоқда. «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилотининг 2025 йилги ОАВ эркинлиги индексида Ўзбекистон 148-ўринни эгаллаган.
Freedom House’нинг «Freedom in the World 2025» ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги ҳали ҳам жиддий чекловлар билан дуч келмоқда.
Қонун ҳужжатларида фуқароларга фикр билдириш, ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқлари кафолатланган бўлса-да, амалиётда бу ҳуқуқлар тўлиқ таъминланмаяпти.
Мамлакатда мустақил партиялар ва эркин сиёсий кучлар йўқлиги ОАВ учун ҳам тор доира яратиб қўйган. Парламент ва суд тизими ижро ҳокимияти таъсирида бўлгани сабабли, журналистларнинг танқидий материаллари кўпинча қўшимча босим ва таҳдидларга дуч келади.
Охирги йилларда айрим ижтимоий ва иқтисодий мавзулар бўйича матбуотда очиқлик ошгани кузатилмоқда. Масалан, маҳаллий даражадаги коррупция, давлат хизматлари ёки қишлоқ хўжалиги масалаларида журналистик материаллар кўпроқ чиқмоқда.
Бироқ сиёсий рақобат ва давлат олий ҳокимияти фаолиятига оид чуқур таҳлиллар деярли йўқ. Бу ҳолат сўз эркинлигининг формал, яъни маълум чегаралар ичидагина амал қилаётганини кўрсатади, дейилади Freedom House ҳисоботида.
Рухсора Жовлиева тайёрлади.