Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро форумида виртуал зўравонлик асосий таҳдид сифатида кўрсатилди

19:40 | 9 дақиқада ўқилади.

Тошкентда илк марта ўтказилган Марказий Осиё болалар омбудсманлари форумида болаларга нисбатан зўравонлик, хусусан рақамли таҳдидлар жиддий муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Vaqt.uz мухбири

Ombudsman 01

Бугун, 11 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили, БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) ва Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида «Марказий Осиё мамлакатларида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари: болалар омбудсманларининг минтақавий ҳамкорлиги истиқболлари» мавзусида Марказий Осиё мамлакатлари омбудсманларининг биринчи халқаро форуми ўтказилди.

Учрашувда Қирғиз Республикаси Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили А.Чинбаева, Қозоғистон Республикаси Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Д.Закиева, Тожикистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари – Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил М.Бобожонзода билан тизимли ва амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Туркманистонда бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман институти мавжуд эмас, ушбу йўналишдаги ишлар Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Я.Гурбанназарова, шунингдек, Норвегия, Финляндия ва Хорватия каби давлатларнинг омбудсманларидан вакиллар иштирок этди.

Форумдан кўзланган асосий мақсад — Марказий Осиё мамлакатлари болалар омбудсманларини ҳамкорлигини йўлга қўювчи минтақавий платформа яратиш.

Форумни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис сенати раиси Танзила Норбоева очиб бериб, Марказий Осиёда турли йўналишларда, хусусан, хотин-қизлар, ташқи ишлар, ёшлар масалаларда платформалар мавжудлиги, айнан шу ташаббус бола ҳуқуқлари масаласида ҳам амалга оширилиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, сенат раиси нутқида яқин икки йилда Ўзбекистонда бола ҳуқуқларига оид 40дан ортиқ қонун қабул қилингани, болаларни мажбурий меҳнатга, хусусан, пахта теримига жалб қилиш тугатилгани ҳамда бу бўйича конституцияга алоҳида модда қўшилганини ҳам эслади.

Танзила Норбоевадан сўнг UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижо сўзга чиқиб, умумий платформанинг минтақа учун аҳамиятини тушунтирди.

«Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш- Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция кўзда тутган оддий ҳуқуқий мажбурият эмас, балки биз қандай жамият қураётганимизни белгилайдиган маънавий масъулиятдир. Мамлакатлар ҳамкорлик қилганда, институтлар саъй-ҳаракатларини бирлаштирганида болалар манфаатлари йўлида натижалар бир неча баробар ортади», — деди у.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида бола ҳуқуқларини таъминлаш масаласида илғор эканлигини таъкидлаб, яқинда парламент томонидан қабул қилинган болаларни зўравонликни ҳар қандай туридан ҳимоя қилишга қаратилган қонуннинг аҳамияти ҳақида гапирди.

Ombudsman 02

Масъулга вакилга кўра, олдин болалар зўравонлигининг уч: жисмоний, жинсий, руҳий зўравонлик каби турлари бўлган бўлса, янги қонун қабул қилинганидан кейин «буллинг», камситиш, бепарволик, боланинг асосий эҳтиёжларини чеклаш, ғамхўрлик кўрсатмаслик, болани жинсий ҳаётга, меҳнатга, никоҳга, тиланчиликка эксплуатация қилиш шакллари қўшилган. Бундан ташқари қонун билан ушбу соҳада фаолият юритувчи органларнинг ҳаракат механизмлари аниқ белгиланган.

Раҳмонованинг айтишича, зўравонлик ҳақида гап кетганда, бола яшаётган ижтимоий макондаги тарбиялаш усулида кузатилаётган зўравонлик ҳолатларини алоҳида таъкидлаш лозим.

«Авваллари миллий менталитет, қадриятлар сабаб Ўзбекистонда болаларга зўравонлик ҳолатлари ҳақида деярли гапирилмаган. Аммо Ўзбекистоннинг қарийб 35 фоизи, 13 млнини болалар ташкил этар экан, бу масала ҳамма учун муҳим бўлиши керак», деди Сурайё Раҳмонова.

Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя агентлигининг расмий маълумотларига кўра, болаларнинг тўртдан бир қисмини имконияти чекланганлар ташкил қилиб, уларнинг 80 фоизи таълимга жалб қилинган. Ўзбекистонда 2020-2025 йилларда «Халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси» қабул қилинган. Унга кўра, шу йилнинг охирига қадар мактабларнинг 50 фоизида инклюзив синфлар ташкил қилиниши керак. Бундан мақсад болаларнинг мана шундай оддий мактабларда инклюзив-махсус синфларга ўқитиш орқали махсус мактаблар сонини камайтириш», дея фикрини давом эттирди Сурайё Раҳмонова.

Ombudsman 03

Учрашувда маҳаллий эксперт, вакиллардан ташқари халқаро болалар ҳуқуқлари мутахассислари, хусусан Норвегия Болалар омбудсмани ўринбосари — Ивар Стоккерейт болалар кўрсатилаётган зўравонликлар орасида энг муҳими виртуал зўравонлик эканини таъкидлади. Унга кўра, дунё бўйича ҳар беш боладан биттаси онлайн зўравонликка учрайди. Шунингдек, Норвегиянинг «Save the children» ташкилотига кўра, ҳар тўртадан бир бир бола интернетда жинсий зўравонликка учрайди.

Ўсмир ёшдаги болалар орасида ҳар 10 сонияда бир шаҳвоний видеолар юборилиши аниқланган. Умумий ҳисобда, бир йилда 300 млндан ортиқ бола рақамли зўравонликдан азият чекиб, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларида интернет аспекти асосий омил бўлган.

Форум якунида бола ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида минтақалараро ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган Марказий Осиё мамлакатлари болалар омбудсманлари Декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.

Келгуси форум 2026 йилда Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Меҳриноз Фармонова, Vaqt.uz мухбири.