2027 йилдан уй-жой олди-сотдиси онлайн тарзда тасдиқланади

20:22 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда нотариус соҳаси босқичма-босқич рақамлаштирилиб, видеоалоқа орқали 10 дан ортиқ турдаги ҳужжатларни нотариал тасдиқлашни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Uy joy

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 9 сентябрдаги қарорига кўра, 2027 йил март ойидан бошлаб уй-жойни сотиб олиш ёки ҳадя қилиш шартномалари, шунингдек, айрим бошқа ҳуқуқий битимлар видеоалоқа орқали нотариус томонидан расмийлаштирилади.

Қарорга асосан, 2026 йилдан паспорт ёки ID-карта ўрнига шахсни Face-ID ёки бармоқ изи орқали тасдиқлаш тизими жорий этилади. Декабр ойидан эса ишончномаларни онлайн бекор қилиш ҳамда ижро ҳужжатларини электрон тарзда расмийлаштириш мумкин бўлади.

2026 йил июндан никоҳ шартномаси ва транспорт арендаси шартномаси онлайн тасдиқланса, декабрдан мерос ва ипотека шартномаларини расмийлаштириш имконияти очилади.

2027 йил сентябридан эса кўчмас мулк алмашинуви, ижара шартномалари ва алимент тўловлари бўйича келишувлар онлайн тасдиқланиши мумкин бўлади.

Шунингдек, 2026 йил март ойида «E-Notarius» мобил иловаси ишга туширилиши, нотариуслар томонидан тузилган ижро ҳужжатлари электрон ҳужжат айланмасига автоматик интеграция қилиниши кўзда тутилган. 2026 йил охиригача барча нотариал идоралар оптоволокон интернет билан таъминланади.

Маҳаллий коммунал хизматлар базалари билан ҳам интеграция йўлга қўйилиб, уй-жой олди-сотдиси шартномаси тасдиқланиши билан мулкдор ҳақидаги маълумотлар автоматик янгиланиши белгиланган.

Аввалроқ 2026 йил 1 апрелдан нотариус лавозимида 70 ёшгача ишлаш мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.