37 йил деганда илк марта: Ўзбекистонда 2026 йил аҳоли рўйхатдан ўтказилади

21:20 | 5 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишлари 2026 йил 15 январдан бошланиб, 28 февралга қадар давом этади.

ыефешыешлф

Ўзбекистонда 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш тадбирлари ўтказилади. Унинг дастлабки 17 куни интернет орқали, кейинги бир ой мобайнида эса «маҳалла еттилиги» иштирокида уйма-уй юриб амалга оширилиши белгиланмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев бугун, 11 сентябр куни аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишларини самарали ташкил этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишиш чоғида маълум бўлди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда умуммиллий рўйхатга олиш охирги марта 1989 йилда ўтказилган. Сўнгги йилларда бу йўналишда қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида» қонун қабул қилиниб, аҳолини ҳар 10 йилда, қишлоқ хўжалигини эса ҳар 5 йилда камида бир марта рўйхатдан ўтказиш белгиланган.

Шу боис, 2021 йилда аҳолини, 2022 йилда эса қишлоқ хўжалигини синов тариқасида рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилган. Лекин тўлақонли рўйхатга олишни ўтказиш учун зарур омиллар ва халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш маълум вақтни тақозо этиши боис, бу тадбир кейинга қолдирилган эди.

Тақдимотда халқаро тажрибадан келиб чиқиб ҳамда Жаҳон банки, ЮНФПА ва ФАО ташкилотлари иштирокида ишлаб чиқилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини бир вақтда рўйхатдан ўтказиш таклифи кўриб чиқилган.

Мазкур усул орқали харажатлар сезиларли қисқариб, 1,3 триллион сўм маблағ тежалади. Шунингдек, рўйхатга олиш жараёнлари оддий ва шаффоф тарзда ташкил этилади. Саволларнинг сони аввал режалаштирилган 328 тадан 71 тага қисқартирилди.

Рўйхатга олиш натижасида Европа статистиклар конференциясининг 2020 йилдаги тавсиялари асосида 38 миллион аҳолининг таркиби ва миграцияси, оилавий ҳолати, фаолият тури, даромад манбалари тўғрисида ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.

Мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолати, чорва моллари ва паррандалар сони аниқланади. Бу орқали қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган йиллик 25,6 триллион сўм, жумладан, 2,2 триллион сўм бюджет маблағларининг самарадорлиги, соҳадаги хизматлар ҳажми ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур маълумотлар тўплами яратилади.

Рўйхатга олиш жараёнларини самарали амалга ошириш учун «маҳалла еттилиги» махсус ўқув дастури асосида тайёрланади ва рағбатлантирилади. Бунинг учун Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган статистика тизимини мустаҳкамлаш лойиҳасининг маблағлари йўналтирилади.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғибот ишлари йўлга қўйилади. Махсус кўрсатув ва видеороликлар намойиш этилиб, фуқароларнинг хабардорлиги оширилади.

Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини тизимли ва сифатли амалга ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.