Ўзбекистонда баъзи жойларда одамларни тасвирга олиш энди фақат уларнинг изни билан амалга оширилади

09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда инсонлар тасвирига оид ҳуқуқлар аниқ чегараланмоқда: суратга олиш ва тарқатиш учун аввал розилик олиш мажбурий бўлади.

Kamera kocha

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 9 сентябр куни «Шахс тасвирини суратга олиш ва фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Янги қоидаларга кўра, одамларнинг тасвирини суратга олиш ва тарқатиш фақат уларнинг розилиги асосида амалга оширилади.

Аҳолини қизиқтираётган энг муҳим жиҳатлардан бири — кийим дўконлари, меҳмонхоналар, ҳаммомлар ва шифохоналардаги камералар тақиқланиши бўлади. Адлия вазирлиги ўринбосари Маҳмуд Истамовнинг маълум қилишича, бугунги кунда шундай жойлардаги яширин тасвирлар интернетда тарқалмоқда ва бу шахсий дахлсизликка хилофдир.

Қонунга кўра, 18 ёшга тўлмаган болалар ва ҳуқуқий лаёқатга эга бўлмаган шахсларни суратга олиш учун уларнинг қонуний вакиллари рухсати талаб этилади. Агар шахс ўз тасвирини тарқатишдан воз кечса, у ҳар қандай вақтда розилигини қайтариб олиш ва суратни ўчиртириш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, қонун баъзи ҳолатларда рухсатсиз суратга олишни қонуний деб ҳисоблайди. Булар қаторида — ҳуқуқбузарликларни фош этиш, давлат ходимларини хизмат пайтида суратга олиш, оммавий тадбирларда ёки очиқ жамоат жойларида олинган суратлар ва видеолар бор.

Адлия вазирлиги ушбу қонунни ишлаб чиқишда 30 дан ортиқ давлат — Жанубий Корея, АҚШ, Британия, Франция, Германия, Швейцария ва МДҲ давлатлари тажрибаларини ўрганган. Биринчи ўқишда қонунни 106 депутат қўллаб-қувватлади, қарши овозлар кузатилмади.

Қонун бошқа ўқишларда якуний қабул қилингач, Сенат муҳокамасига жўнатилади. Сенат ҳам маъқулласа, Президентга имзолаш учун юборилади ва мутбаотда эълон қилинган кунда кучга киради.