Албанияда вазирлик лавозимига сунъий интеллект тайинланди

09:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Албания дунёда биринчи бўлиб сунъий интеллектга вазирлик топширди — ҳукумат давлат тендерларида порахўрликни йўқ қилишни мақсад қилган.

Albania diella

Politico нашрининг ёзишича, Албания дунёда биринчи бўлиб сунъий интеллектни вазир этиб тайинлаган мамлакатга айланди. Бош вазир Эди Рама Тиранадаги Социалистик партия йиғилишида ҳукуматдаги ўзгаришларни эълон қилиб, янги «вазир» — Диэллани таништирди. Унинг исми албан тилида «Қуёш нури» маъносини беради.

Диэлла сунъий интеллект технологияси асосида яратилган бўлиб, ҳозирда мамлакатнинг асосий рақамли хизматлар платформаси — e-Albania’ни бошқармоқда. Энди у давлат харидлари соҳасида назоратни амалга оширади. Бу ташаббус коррупция хавфини минималлаштириш ва тендерларни тўлиқ шаффоф қилиш мақсадида жорий қилинган.

Бош вазирнинг айтишича, Диэлла ёрдамида давлат маблағлари бутунлай шаффоф тарзда сарфланади ва тендер жараёнлари мутлақо сўзсиз ва адолатли бўлади. «Бу фантастика эмас — Диэлланинг асосий вазифаси айнан шу», — деди ҳукумат раҳбари.

Албанияда давлат харидлари орқали коррупция аллақачон жиддий муаммога айланган ва бу масала ҳар йили Европарламентнинг ҳисоботларида танқид остига олинади. Ҳукумат эса бу гал сунъий интеллектни ишга солиш орқали самарали ечим топишга умид қилмоқда.

Аввалроқ, Қозоғистонда янги Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ташкил этилиши ва уни бош вазир ўринбосари даражасидаги мутахассис бошқариши ҳақида хабар берган эдик.