Россия дронлари Полшага бостириб кирганига НАТО жавоб ҳозирламоқда

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

НАТО Польша ҳудудига кириб келган Россия дронлари ортидан Шарқий Европада ҳарбий чоралар кўришни бошлаганини маълум қилди.

Poland dron

Bloomberg манбасига кўра, НАТО Польша ҳудудига Россия дронлари ёпирилиб кирганидан сўнг Шарқий флангда «мудофаага асосланган ҳарбий жавоб» устида иш бошлаган. Бу ҳаракатлар иттифоқнинг сўнгги йиллардаги энг жиддий тўқнашув эҳтимолига тайёргарлиги сифатида баҳоланмоқда.

Бу чораларни мувофиқлаштириш НАТОнинг Европадаги бирлашган қўшинлар олий қўмондони генерал Алексус Гринкевич зиммасига юклатилди. У 11 сентябр куни Литва пойтахти Вилнюсда чиқиш қилиб, «ўрганиладиган сабоқлар кўп» эканини ва НАТО «таҳдидларга қарши кучлироқ жавоб бериш учун» ўз салоҳиятини оширишини таъкидлади.

10 сентябр куни Россиянинг 20 га яқин дрони Украинага ҳужум уюштириб, Польша ҳаво кенгликларини бузиб кирган. Бешта дрон Люблин воеводасида ерга қулади, бири эса Вирики қишлоғидаги турар-жойга зиён етказди.

НАТО ҳаво кучлари биринчи марта тўғридан тўғри ушбу ҳужумларга жавобан қўлланилди. Бу воқеа Полшада мисли кўрилмаган ҳарбий сафарбарликка сабаб бўлди — мамлакат Россия ва Беларус чегарасига 40 минг аскар жўнатди.

Франция ва Британия Польшага Rafale ва Eurofighter қирувчи самолётларини юборишга ваъда берди. Нидерландия иккита Patriot ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимини жўнатишини айтди. Германия эса ҳаво ҳимоясини кучайтириш ва Россияга қарши янги санкциялар устида иш бошлашини билдирди.

Полша Бош вазири Доналд Туск ҳужумни «Иккинчи жаҳон урушидан буён энг хавфли вазият», деб атади. Россия томони эса бу ҳужум режалаштирилмаганини айтиб, Варшава билан кескинликни ошириш нияти йўқлигини билдирди.