Хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари 12 млрд доллардан ошди

13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Январ–август ойларида Ўзбекистонга хориждан йўналтирилган пул ўтказмалари 12 млрд доллардан ошди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга кўп. Тушумларнинг асосий қисми эса Россиядан келган.

Dollar

Жорий йилнинг январ–август ойларида Ўзбекистонга хориждан 12 млрд доллардан ортиқ трансчегаравий пул ўтказмалари амалга оширилган. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати хабар берди.

Йил бошидан буён пул ўтказмалари ҳажми март ойидан ўсиш тенденциясини намоён қилди. Июлда ўтказмалар 2 млрд долларга яқин бўлган бўлса, августда 1,9 млрд долларни ташкил этди. Шунга қарамай, ўтган йилнинг мос ойига нисбатан август ойида 19,9 фоиз ўсиш қайд этилди.

Бундан ташқари, аҳоли валюта операцияларида ҳам ижобий баланс кузатилди. Январ–августда аҳоли сотиб олганидан 5,6 млрд долларга кўпроқ валюта сотган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга ошиб, ички валюта бозорида талаб ва таклиф мувозанатига ижобий таъсир кўрсатди.

Марказий банк маълумотига кўра, ўтказмаларнинг асосий қисми Россиядан йўналтирилган. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британиядан ҳам пул ўтказмалари ўсиши қайд этилмоқда. Хусусан, Болтиқ давлатларидан тушумлар 65,6 фоизга, бошқа минтақалардан эса 38,2 фоизга ошган.

Шу билан бирга, Европа мамлакатларидан пул ўтказмалари ўтган йилга нисбатан 26,9 фоизга кўпайган бўлса-да, иккинчи чоракда ўсиш суръати секинлашди. АҚШдан йўналтирилган ўтказмалар 10,3 фоизга, Россиядан 23,7 фоизга ўсган. Осиёдан тушумлар эса барқарор ҳолатда қолгани қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 11 сентабр кунидаги йиғилишида инфляция хавфларини ҳисобга олиб, асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолган эди.